ЎзА Ўзбек

13.09.2018 08:17 Чоп этиш версияси

Халқаро стандарт турлари ошди, экспорт-чи?!

Миллий матбуот марказида “Ўзстандарт” агентлигининг “Ахборот-маълумот маркази” давлат корхонаси мамлакатимиз тадбиркорлари ва ишлаб чиқариш корхоналарини меъёрий ҳужжатлар ва стандартлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.

Унда маълумот берилишича, маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида кўплаб халқаро стандарт турлари жорий этилган. Бугунги кунда улар сони 3800 дан ошди. Қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот, дори-дармон экспорти бўйича қабул қилинган халқаро стандартлар яхши самара бермоқда.

Стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимининг ривожланиши, айниқса, нефть-газ, автомобилсозлик, озиқ-овқат ва текстиль каби маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга, шунингдек, меъёрий ҳужжатларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришга, табиийки экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Ташкилот масъуллари айтишича, ҳозирда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва техник регламентларни тизимли жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий эталонлар базасини ривожлантириш асосида маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, “Ўзстандарт” агентлиги тузилмасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
3 306