Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси “Бизнес омбудсман – тадбиркорлик ҳимояси ва вазифалар таҳлили” мавзуига бағишланди

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишнинг олдини олиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик соҳасида давлат сиёсати сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилганининг далили бўлди.

Мазкур фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти – бизнес омбудсман таъсис этилди. Жорий йил 29 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонунда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилди. Эътиборли жиҳати, мазкур институт мансабдор шахсларга тобе бўлмаган ҳолда фаолият юритади. Бизнес омбудсман ва янги қонун тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратади.

Халқаро пресс-клубнинг 15 сентябрь куни бўлиб ўтган сессияси “Бизнес омбудсман – тадбиркорлик ҳимояси ва вазифалар таҳлили” мавзуига бағишланди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, адлия вазири ўринбосари М.Истамов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигининг муҳим омилидир. Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга биринчи даражали масала сифатида қаралаётганининг замирида ушбу тармоқни тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчига айлантиришдек эзгу мақсад мужассам.

Мамлакатимизда тадбиркорлар фаолиятига кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар томонидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда ташкил этилган бизнес омбудсман ушбу соҳада ваколатли орган бўлиб, тадбиркорларни ҳимоя қилиш бўйича судга дахли бўлмаган янги механизм ҳисобланади. Ушбу тизим фаолиятининг асосий йўналиши давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали мулоқот ўрнатишдан иборат. Яъни, тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлар фаолиятига давлат органлари асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлашдир.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Вакил давлат органларига тадбиркорлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари оғишмай бажарилиши юзасидан тақдимномалар, судларга тадбиркорларнинг манфаатлари юзасидан даъво аризалари киритиш ваколатига эга.

Ўтган қисқа вақт давомида тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиш бўйича Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида қарийб 5 мингга яқин тадбиркор иштирокида юзма-юз мулоқотлар ўтказилган. Ушбу учрашувларда 50 дан ортиқ тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилган. Вакил аппаратига келиб тушган 100 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқиш жараёнида. Шу билан бирга давлат ва нодавлат ташкилотлари билан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, бизнес субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорлик бўйича 21 меморандум лойиҳаси ишлаб чиқилди. Назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текширишлар ўтказилишининг олдини олиш мақсадида махсус буклетлар тайёрланиб, тарқатилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, бизнес вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, юртимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашда Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Сессияда Вакил институтининг тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан самарали ҳамкорлигини ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган изчил ишлар хусусида ҳам сўз юритилди. Бизнес омбудсманнинг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ваколатлари ва вазифалари, уни амалга ошириш механизмлари ҳақида маълумот берилди.

Журналистлар ва тадбиркорларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, банкдан кредит олиш, валюта айирбошлаш, бўш турган бинолардан фойдаланиш, замонавий технологиялар харид қилишга оид саволларига мутасаддилар жавоб қайтарди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
3 444






Все о погоде - Pogoda.uz