Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 19:02 Чоп этиш версияси

Халқаро пресс-клубда ташқи сиёсат масалалари муҳокама қилинди

Тошкентда 14 апрель куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичдаги долзарб масалаларига бағишланган анжумани бўлиб ўтди. Унда Халқаро пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши раиси С.Сафоев, ташқи ишлар вазири А.Комилов мазкур анжуман Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси дастури контекстида ташкил этилганини, ушбу ҳужжат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олганини алоҳида таъкидлади. Кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ экани, унинг барча йўналишлари, авваламбор, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, тинчлик ва барқарорлик, хавфсизликни таъминлашга қаратилгани қайд этилди. Зеро, хавфсизлик фаровонлик омилидир. Бу ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат минтақа давлатлари учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари илк давлат ташрифларини Туркманистон, Қозоғистон ва Россияга амалга оширгани мамлакатимиз ташқи сиёсатида яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий исботидир.

Президентимизнинг мазкур давлат ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини намоён этди. Давлатимиз раҳбари ташрифлари тафсилотлари ва натижалари нафақат сиёсий доираларда, балки жамоатчилик ва экспертлар орасида кенг муҳокама қилинди. Олий даражадаги учрашувлар доирасида иқтисодиёт, савдо, сармоя, ёқилғи-энергетика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, соғлиқни сақлаш, банк-молия, туризм, озиқ-овқат ва енгил саноат, маданият, фан-таълим каби кўплаб соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга оид имзоланган ҳужжатлар муҳим стратегик аҳамиятга эга. Тадбирда буларнинг барчаси мамлакатимизнинг давлатлараро муносабатларини янада тараққий эттиришга, эришилган келишувлар самарадорлигини оширишга, хавфсизлик соҳасида долзарб масалаларни ҳал этишга, иқтисодий рақобатбардошликни янада кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда Ўзбекистон ташқи сиёсатини ривожлантиришнинг янги устувор йўналишлари, ташқи сиёсат концепциясининг асосий тамойиллари, қўшни давлатлар, минтақалараро стратегик шериклар билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг денгизга чиқишини, халқаро савдода фаол иштирокини, хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш каби долзарб масалалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг долзарб масалалари, хусусан, халқаро ва минтақавий муаммолар, трансчегаравий дарёлардан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мамлакатимиз инвестициявий салоҳиятини янада ошириш, гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт коридорларини яратиш, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятини янада фаоллаштиришга оид саволларига жавоб олди.

Нодира Манзурова, ЎзА
1 154






Все о погоде - Pogoda.uz