Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.10.2017 11:26 Чоп этиш версияси

Халқаро малакага таяниб, енгил вазнли китоблар чоп этилмоқда

Халқаро малакага таяниб, енгил вазнли китоблар чоп этилмоқда Одатда бир неча юз саҳифали бадиий китоб, луғат ва маълумотнома, энциклопедияни қўлга олиш, варақлаш бироз ноқулай. Жаҳон ноширлик тажрибасида ана шу муаммога ўзига хос ечим топилган. Мамлакатимизда ҳам халқаро малакага таяниб, енгил вазнли китоблар чоп этилмоқда.

«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйида тайёрланаётган бундай китоблар ҳар томонлама қулай, саҳифалари кўзни чарчатмайди, нархи нисбатан арзон. Яқиндан бошлаб инновацион технологиялар асосида 3D ўлчамли китоблар ҳам чоп этила бошланди. Бу лойиҳа Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Colar Technology” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган бўлиб, мамлакатимиз ноширлик соҳаси учун янгиликдир.

Матбуот ва ахборот агентлигидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ нашриёт, 1 минг 800 га яқин матбаа корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, улар томонидан йилига 4 минг номдан зиёд, умумий адади 50 миллион нусхадан ортиқ китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда.

Мамлакатимизда ноширликни ривожлантириш билан бирга ёшларнинг китобга бўлган эътиборини кучайтириш, мутолаа маданиятини юксалтириш борасида “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида китоб байрамлари, “Китоб – миллатнинг бебаҳо маънавий ва маданий мероси” мавзуида илмий-амалий конференция, “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби” анъанавий фестивали ўтказилмоқда.

Адабиётга салмоқли ҳисса қўшган адибларнинг, айниқса, ёш қаламкашларнинг асарларини чоп этиш ишлари ҳам доимий эътиборда. Масалан, Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди томонидан 2010 йилдан буён “Биринчи китобим” сериясида ёш ижодкорларнинг 1 миллион 220 минг нусхада китоби чоп этилган.

Халқаро малакага таяниб, енгил вазнли китоблар чоп этилмоқда

Гап ноширлик ҳақида экан, соҳага оид хуқуқий базани такомиллаштириш масаласи ҳам долзарбдир. Бунда китоб маҳсулотлари чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ шакл ва механизмларини белгилаш, ижтимоий аҳамиятга молик адабиётларга грантлар ажратиш, ноширлар ва адиблар фаолиятини рағбатлантириш, болалар адабиётига ихтисослаштирилган нашриётларга молиявий имтиёзлар тақдим этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Мамлакатимизнинг олис ҳудудларида кенг ассортимент ва замонавий шарт-шароитларга эга китоб дўконлари фаолиятини кучайтириш зарурати мавжуд.

Шу боис Президентимиз ташаббуси билан жорий йилдан миллатимиз маънавиятини китоб ва китобхонлик ёрдамида юксалтириш ишларига эътибор янада кучайтирилди. Адабиётимиз ва санъатимизнинг атоқли вакиллари Исҳоқхон Ибрат, Комилжон Отаниёзов, Шароф Рашидов, Эркин Воҳидовнинг юбилей саналарини ўтказиш, Ўзбекистон Миллий боғида “Адиблар хиёбони”ни барпо этиш, санъат даргоҳлари мақомини ошириш тўғрисида муҳим ҳужжатлар эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга.

Мазкур ҳужжатда нашриётлар фаолиятини тубдан модернизация қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш учун давлат томонидан имтиёзларни кўпайтириш, ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларида кутубхоналар барпо этиш ва улар учун малакали мутахассислар тайёрлаш, чоп этилаётган китоб­лар савияси ва сифати, адади ва нархини қатъий назоратга олиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштиришдек долзарб вазифалар белгиланган. Шунингдек, китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ҳам қатор имтиёзлар бериш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги мамлакатимизда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган.

– Президентимиз қарори билан тасдиқланган дастурда 35 банддан иборат топшириқ белгиланган бўлиб, унинг 30 банди ижросини таъминлашда Агентлигимиз бевосита иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ж.Жангиров. – Айни вақтда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланмоқда. Шунингдек, болалар адабиётига ихтисослашган нашриётларга молиявий имтиёзлар бериш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Агентлик, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти, етакчи нашриётлар томонидан аҳолининг китоб маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда яна бир қулайлик яратилди. Китоб маҳсулотларини нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва уларни почта орқали китобхонларга етказиб бериш бўйича махсус тизим ишлаб чиқилди ва у тез кунда ишга туширилади.

Мазмунан саёз, ахлоқ меъёрлари, миллий маънавият ва қадриятларимизга мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда нашриётлар фаолияти бўйича хатлов, мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда ноқонуний матбаа ва ноширлик фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари аниқланиб, уларга нисбатан қонун доирасида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасалари фондларини тизимли тарзда янги адабиётлар ва зарур материаллар билан таъминлашнинг марказлаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бунда кутубхона коллектори билан ишлаш бўйича марказлаштирилган ахборот тизими такомиллашиб, нашриётлар билан ҳамкорлик такомиллаштирилади. Бу эса зиё масканлари фондини янги чоп этилаётган китоблар билан мунтазам бойитиб бориш имконини беради.

Шу йил ноябрь ойида ўтказиладиган «Infolib Uzbekistan» миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида турли мавзуларда онлайн конференциялар ташкил этиш орқали аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг кутубхона хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш кўзда тутилган.

Агентлик томонидан бугунги улуғвор бунёдкорлик ишларини тарих зарварақларига муҳрлаш, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, хусусан, ёш ижодкорларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони” мавзуида бадиий ва ижтимоий-сиёсий асарлар яратиш бўйича ижтимоий буюртмалар лойиҳаси эълон қилинди. Айни кунларда лойиҳага келиб тушаётган бадиий ва ижтимоий-сиёсий асарлар салмоғи ошиб бораётир. Улар Агентлик тизимидаги нашриётлар қошида тузилган нуфузли ҳайъатлар томонидан баҳоланиб, нашриётларнинг ижтимоий грантлари асосида чоп этилади ва муаллифларга белгиланган тартибда қалам ҳақи берилади. Нашриётлар ва муаллифлар ўртасида тузиладиган шартномада ижтимоий грантлар асосида яратиладиган китоб учун қалам ҳақининг маълум қисмини олдиндан тўлаш ҳам белгиланган.

Шунингдек, Агентлик томонидан нашриётларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш, ноширлик маданияти ва нашриётларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, соҳада эришилган ютуқларни кенг оммалаштириш, ноширлар, муҳаррирлар ва техник муҳаррирлар, мусаҳҳиҳ, рассом-дизайнерлар, матбаачиларни рағбатлантириш, аҳолининг барча қатлами, хусусан, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Йилнинг энг яхши китоби” ва “Ёшларнинг энг севимли китоби” каби кўрик-танловларни ўтказиш режалаштирилган. Мазкур танловларда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча нашриёт ва матбаа корхоналари иштирок этишлари мумкин.

Маънавий эҳтиёжни қондириш борасида китобнинг ўрни беқиёс. У хоҳ дарслик, хоҳ бадиий асар, хоҳ лирик достон кўринишида бўлсин, бизни илмга, ҳаётга, яхши инсон бўлишга ўргатади. Шу маънода Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ноширлик фаолиятини янги босқичга олиб чиқади, адабиётимизнинг ривожини таъминлайди, келажак авлод тарбиясига мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтовчи муҳим дастуриламал бўлади.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 798






Все о погоде - Pogoda.uz