Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 13:13 Чоп этиш версияси

Халқаро маданий ҳамкорликнинг янги уфқлари

Халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни тобора равнақ топтириш борасида ҳаётга жорий этилаётган эзгу ташаббуслар мазкур соҳада халқаро алоқаларнинг тобора кенгайишида, маданиятлараро мулоқотларнинг йўлга қўйилишида, Ўзбекистон санъатининг жаҳон бадиий ва маданий муҳитига фаол интеграциялашувида асосий омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори соҳа равнақида янги босқични бошлаб берди. 

Ушбу тузилма бугунги кунда таълим, маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш каби йўналишларда фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, жамғарманинг дастлабки лойиҳаларидан бири натижасида юртимиз ва Буюк Британия кулоллари ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилган ҳамкорликдаги ижодий семинарлар эса Ўзбекистон кулолчилиги мактаб ва анъаналарининг нақадар бойлиги, бетакрорлигини чет эллик ижодкорларга яна бир карра намоён этди. Амалий санъат сирларини ўрганиш истагидаги ёшлар учун ташкил этилган маҳорат сабоқлари икки давлат кулолчилигининг тарихи, анъаналари билан атрофлича танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда мазкур учрашувлар Ўзбекистон ва Британия кулолчилик усталарининг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида, ижодий мулоқотларининг тобора мустаҳкамланишида қулай имкониятлар майдонига айланди. Европа Иттифоқи, Британия Кенгаши ҳамкорлигидаги мазкур лойиҳа якуни натижасида Ўзбекистон амалий санъат музейида икки давлат кулолларининг маҳорат дарслари, ижодий мулоқотлари, учрашувлари бўлиб ўтди. Яқин пайтлар бадиий кулолчилик намуналаридан иборат кўргазма юртимизда ташкил этилади. Бундай кўргазма келгусида Буюк Британияда ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. 

Мазкур жамғармадан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда кўплаб халқаро ижодий лойиҳалар, кўргазмалар, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашишига оид семинарлар, анжуман ва давра суҳбатларига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, 2018 йил Париждаги "Бранли соҳилидаги музей" билан ҳамкорликда "Амударё шивирлаши" номли видео-инсталляция кўргазмасини мамлакатимиз ва Францияда, Саодат Исмоилованинг "Қирқ қиз" қисқа метражли фильми тақдимотини АҚШ ва Францияда ўтказиш кўзда тутилмоқда. 

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур жамғарма томонидан бугунги кунда мақом санъати, унинг тарихи, ривожланиш тамойилларни ўрганишга оид аудио ва видео-материалларни ўзида жамлаган мобиль илова ҳамда дастурларни iOS ва Android операцион тизимлари учун яратиш, йигирманчи асрнинг авваллари, 30-40-йилларига оид мақом қўшиқларининг ёзуви жамланган фонотўпламларни рақамлаштириш устида иш олиб борилмоқда. 

Маданият вазирлиги тизимидаги таълим масканлари фаолиятини ўрганиш, мутахассисликлар ва факультетлар бўйича энг долзарб йўналишларни аниқлаш, жаҳоннинг етакчи давлатларидаги санъат олий таълим даргоҳлари билан биргаликда Ўзбекистонда қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, санъат таълими йўналишидаги вакилларни хорижга ўқув малака ошириш курсларига юбориш каби амалий ишлар ўқув жараёнини сифат ва мазмун жиҳатдан юксалтиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Назокат Усмонова, ЎзА
10 706