ЎзА Ўзбек

05.09.2018 15:45 Чоп этиш версияси

Халқаро мақом санъати анжумани довруғи бутун дунёга таралади

Халқаро мақом санъати анжумани довруғи бутун дунёга таралади
Халқаро мақом санъати анжумани тафсилотларини чет мамлакатлар ва юртимизда кенг ёритиш учун 40 дан ортиқ хорижий ва 100 га яқин маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилган. 

Бугун маҳаллий ҳамда чет эллик журналистларнинг фаолият кўрсатишлари, Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонида бўлиб ўтадиган анжуман ва мазкур анжуман доирасида ўтказиладиган турли тадбирлардан тезкор материаллар тайёрлашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш, уларга анжуман ҳақида маълумотлар, видеоматериалларни тақдим этиш, шунингдек, тадбир ҳақида янгиликларни тезкорлик билан тарқатиб бориш мақсадида ташкил этилган Халқаро мақом санъати анжумани Матбуот маркази ўз фаолиятини бошлади. 

Марказда замонавий компьютерлар, юқори тезликка эга интернет, wi-fi тармоғи ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун зарур барча қулайликлар яратилган. Айни пайтда Матбуот марказида “Россия 1” телеканали, Туркиянинг “ТРТ“ телекомпанияси ижодкорлари, бундан ташқари, 20 дан ортиқ маҳаллий ОАВ вакиллари иш олиб бормоқда. 

Маълумот ўрнида: журналистларга қулайлик яратиш мақсадида анжуманнинг расмий www.maqomforum.uz сайти ишга туширилган. Ушбу сайтдан тадбир ҳақида нафақат энг сўнгги янгилик ва маълумотларни, балки фото ва видеоматериалларни ҳам олиш мумкин.

ЎзА
4 916