ЎзА Ўзбек

19.05.2019 17:32 Чоп этиш версияси

Халқаро имиж сиёсатида туризм асосий инструмент

Халқаро имиж сиёсатида туризм асосий инструмент

Тошкент мезбонлигида ўтаётган МДХМИ битирувчиларининг V халқаро форумида Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори А.Абдувахитов, Камбоджа Қироллигининг ёшлар ва спорт ишлари бўйича таълим вазири Н. Ханг Чуон, Москва вилояти маданият вазири Н.Ширалиева, ЮНЕСКО собиқ бош директори И.Бокова ва бошқа экспертлар халқаро имиж сиёсати, хусусан халқаро майдонда Ўзбекистон мақомини янада оширишга дахлдор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

ЮНЕСКО собиқ бош директори И.Бокованинг таъкидлашича, мамлакат имижини оширишда туризм асосий омил ҳисобланади. Мисол учун, бугунги кунда жаҳон ЯИМнинг 10 фоизи, халқаро экспортнинг 30 фоизи туризм ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликларга бойлиги, маданий туризмни ривожлантириш учун етарли шарт- шароитларга эгалиги, виза режимида яратилган қулайликлар ҳисобга олинса, мамлакат туризм борасида улкан салоҳиятга эга.

И.Бокова ана шу салоҳиятдан унумли фойдаланиш борасида тавсиялар берди.

Маълумот ўрнида, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан 2019 йил 1 февралдан электрон кириш визасини олувчи мамлакатлар рўйхати кенгайтирилган, 5 мартдан 30 кун давомида амал қилинувчи электрон визалар турлари тизими ҳамда алоҳида хорижий фуқаролар гуруҳларига қўшимча визалар тоифаси жорий қилинган.

Шунингдек, фармонга кўра, 2019 йилнинг 1 февралидан 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинган.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
7 726