ЎзА Ўзбек

11.05.2018 14:26 Чоп этиш версияси

Халқаро анжуман

Жорий йилнинг 17-18 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Малакали юридик кадрларни тайёрлаш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро конференция ўтказилади.

Ушбу конференция олдидан Миллий матбуот марказида журналистлар учун брифинг ташкил этилди. Унда журналистларга халқаро анжумандан кўзланган асосий мақсад ва унинг мазмун-моҳияти, конференция якуни бўйича қабул қилиниши кўзда тутилаётган тавсиялар тўғрисида маълумот берилди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида малакали юридик кадрларга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.

Конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва уларнинг ижобий натижасини халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ўрганиш асосида юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олишдан иборат.

Халқаро конференцияда Америка Қўшма Штатлари, Германия, Польша, Россия, Туркия, Япония каби давлатларнинг экспертлари иштирок этади. Анжуман “Қайта тайёрлаш ва малака ошириш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”, “Судьяларни тайёрлаш: замонавий усуллар ва инновациялар”, "Ўқув жараёнида замонавий инновацион технологияларни қўллашнинг муҳим жиҳатлари" каби уч сессияда ўтказилиши режалаштирилган.

Анжуман 18 май куни Самарқанд шаҳрида вилоят судьялари ва юристлари иштирокида “Юридик кадрлар малакасини оширишга бўлган талаб: қайта алоқа ўрнатиш йўллари, масофавий ўқитишнинг имкониятларидан фойдаланиш” мавзусида давра суҳбати билан давом этади.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 863