Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 17:15 Чоп этиш версияси

Халқ қабулхоналарида муаммолар ечим топмоқда

Халқ қабулхоналарида муаммолар ечим топмоқда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолиятидан аҳоли мамнун.

Бугун ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиб, фаровон турмушини таъминлашни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаб, камчиликларни шу ернинг ўзида бартараф этиш яхши самара бермоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг фармони асосида ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли учун жуда катта қулайлик туғдирмоқда.

– Фуқаролар ўзларини ташвишга солаётган муаммоларга, жойларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларнинг барҳам топиши учун жон куйдирмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳакимбой Ҳалимов. – Президентимиз шу йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида қабулхонамиз фаолияти билан танишиб, олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб берди, ҳар бир мурожаатнинг холисона, ўз вақтида кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлади. Ўтган кунларда 320 дан зиёд фуқаро мурожаат қилди ва улар томонидан билдирилган муаммоларнинг аксарияти ўз ечимини топди, айримлари назоратга олинди.

Мурожаат қилувчилар учун Халқ қабулхонасида барча қулайлик яратилган. Она ва бола, тиббиёт хоналари, кутиш зали замонавий жиҳозланган. Мурожаатлар асосан бандлик, уй-жой, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, тиббиёт соҳасига оид бўлиб, бу мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятни янада оширишини талаб этади.

Халқ қабулхонасига Хўжайли туманидаги Тахиатош шаҳрининг 1-кичик тумани 9-а уй 27-хонадонда яшовчи Ўмирбой Марзиёев бандлик муаммоси билан мурожаат қилди.

– Келиним Қаншайим Кенжебоева 2013 йили университетни битирган бўлса-да, ишсиз уйда ўтирган эди, – дейди Ўмирбой оға. – Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдик, муаммо тезда ҳал бўлди. Келиним ҳозир Тахиатошдаги 26-умумтаълим мактабида рус тили ва адабиётидан ёшларга сабоқ бермоқда.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
7 328






Все о погоде - Pogoda.uz