Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 19:21 Чоп этиш версияси

Келинни янги уйга туширамиз

Келинни янги уйга туширамиз Навоий шаҳрида 210 хонадонга мўлжалланган етти қаватли бешта уй фойдаланишга топширилди. Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллик байрами арафасида қуриб битказилган уйларда барча қулайлик яратилган.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари тинчлигимиз, халқимизнинг бирдамлигидан нишона экани таъкидланди. Айниқса, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, замонавий архитектура андозалари асосида кўркам иншоотлар барпо этиш аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, энг муҳими, ёш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

4.JPG

Ушбу турар жой бинолари давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “СМП 151” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа муддатда ва сифатли қилиб бунёд этилди.

5.JPG

Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли қурилиш-монтаж бошқармасида 20 йилдан бери меҳнат қилиб келаётган Илҳом Менихолов оиласига уч хонали хонадон калити тантанали топширилди.

– Катта ўғлимизни унаштириб қўйганимиз учунми, бугунги хурсандчилик худди тўйдек туюлаяпти, – дейди хонадон бекаси Ойсулув Усмонова. – Илгари 2 хонали ётоқхонада 3 ўғил, бир қизимиз билан бироз қисилиб қолган эдик. Бу, айниқса, меҳмондорчилик, келди-кетдида янаям сезиларди. Янги уйнинг файзи бошқача экан. Фарзандларимиз учун алоҳида ётоқхона, шинам меҳмонхона, барча қулайликка эга ошхона менга жуда маъқул. Асосийси, нархи ҳамёнбоп. Бунинг учун Президентимизга раҳмат. Насиб этса, янги йилда келинни янги уйга туширамиз. Сизлар ҳам келинг, меҳмон бўласиз.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
1 883






Все о погоде - Pogoda.uz