ЎзА Ўзбек

16.07.2018 09:39 Чоп этиш версияси

Келинчак ички ишлар ходимларини чув туширмоқчи бўлди

Келинчак ички ишлар ходимларини чув туширмоқчи бўлди
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида тушки пайт юзига ниқоб таққан номаьлум шахслар 20 ёшли келинчакнинг уйига кириб, босқинчилик йўли билан пул маблағлари ва тилла буюмларини олиб кетгани ҳақидаги гап-сўзлар турли шов-шувларга сабаб бўлди. Аслида ўзи нима бўлган эди?

Биз ушбу масала билан қизиқиб, вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига мурожаат этдик.

– Ҳақиқатан ҳам Сариосиё тумани Халқабод маҳалласида яшовчи келинчак туман ички ишлар бўлимига мурожаат этиб, соат 13:00да яшаш уйига икки нафар номаълум шахс юзига ниқоб таққан ҳолда кириб, бўйнига пичоқ тираб, ўлдириш билан қўрқитиб, қўл-оёғини ип билан, оғзини скоч билан боғлаб, бир миллион сўмга яқин пули, 600 АҚШ доллари, 2 дона тилла узук, 1 жуфт тилла сирғасини босқинчилик йўли билан олиб кетганини маълум қилган, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Фарҳод Тошбоев. – Ушбу хабар бўйича зудлик билан махсус гуруҳ ташкил этилиб, бир неча кун тезкор суриштирув ишлари олиб борилди. Натижада ариза муаллифи яшаш уйида сунъий далиллар вужудга келтириб, туман ички ишлар бўлимига ёлғон хабар бергани, 954 минг сўм пули, 600 АҚШ доллари, 2 дона тилла узук ва 1 дона тилла сирғасини яшаш уйи томорқасининг пастки томонидаги қум ичига ўзи кўмиб қўйгани аниқланди. Шу ўринда айтиш лозимки, қонунларимизда ёлғон хабар берган инсонга ҳам жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ фуқаронинг мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси учинчи қисми “в” банди билан номаълум шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига қайта малакаланди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
8 509