Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 18:12 Чоп этиш версияси

Жиззах вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Нуронийлар маскани” мажмуалари барпо этилади

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Ушбу фармон инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, жамиятнинг ижтимоий кўмакка муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида эканини яна бир бор тасдиқлади, – дейди “Нуроний” жамғармаси Жиззах вилояти бўлими раиси Н.Нўшаров. – Фармон асосида ёши улуғ инсонларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шароит яратишга қаратилган тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бунда нуронийларнинг оилаларда, маҳаллада ва жамиятда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда 72 минг 450 нафар фахрий, жумладан, 1 минг 632 нафар уруш ва меҳнат фахрийлари истиқомат қилмоқда. Нуронийларнинг 36 нафари 100 ёшдан ошган.

Халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалиши, тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши натижасида юртимизда ўртача умр кўриш даражаси ортиб, пенсия ёшида ҳам меҳнат қобилиятини йўқотмай, давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган юртдошларимиз сафи кенгайиб бормоқда.

Фахрийлар фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда жамиятимизнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлаш, оилаларда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, ёшларни ватанпарвар, меҳнатсевар, мард ва ҳалол инсонлар этиб тарбиялашда фаол иштирок этмоқда. Жамғарма туман ва шаҳар бўлимлари томонидан меҳнат жамоалари ва фуқаролар йиғинларида ҳуқуқий, маънавий-маърифий мавзуларда учрашув, суҳбатлар ташкил этилмоқда.

Президентимиз фармони асосида “Нуроний” жамғармаси вилоят, туман ва шаҳарлар бўлимларида ўтказилган ташкилий йиғилишларда фахрийларнинг бой ҳаётий тажрибаси, билими ва маҳоратидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилди. Жамғарма ҳудудий бўлимлари кенгашлари таркибига мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этаётган фахрийлар киритилди.

Давлатимиз томонидан фахрийлар фаолиятини қўллаб-қувватлашда “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, нуронийлар масканларини маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ҳудудларида жойлаштириш белгилангани янада катта қулайлик яратмоқда.

Жамғарма вилоят бўлимининг Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбони ҳудудида жойлашган маъмурий биноси ўтган йили қайта қурилди. 700 миллион сўмликдан зиёд маблағ эвазига “Нуронийлар маскани” мажмуасида 13 хона, 100 ўринли мажлислар залига эга маъмурий бино, алоҳида чойхона барпо этилди. Идорадаги барча хоналар замонавий мебель ва компьютер жамламалари билан жиҳозланиб, қулай иш шароити яратилди.

Мазкур бинода вилоятда фаолият кўрсатаётган 6 миллий маданий марказнинг барчасига алоҳида хоналар ажратилган. Бу миллатлараро тотувлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлашга бағишланган тадбирларни ҳамкорликда ташкил этишда катта қулайлик яратаётир.

Жамғарманинг Ғаллаорол тумани бўлими биносини қайта таъмирлаш режалаштирилаётир. Айни пайтда идора ҳудудида “Нуронийлар маскани” мажмуасини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.

Фармон асосида вилоятнинг барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Дўстлик, Зомин, Мирзачўл ва Фориш туманлари ҳокимларининг қарорлари билан “Хотира боғи”, маданият ва истироҳат боғлари ҳудудларида “Нуронийлар маскани” мажмуалари қуриш учун ер майдонлари ажратилиб, лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида вилоятнинг барча туманлари маркази ва шаҳарларда “Нуронийлар маскани” мажмуаларини қуриб фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимларини компьютер жамламалари ва мебеллар билан тўлиқ таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар бўлим ходимлари учун қулайлик яратишдан ташқари фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ҳам хизмат қилаётир. Фахрийларнинг “Нуронийлар маскани”га келиб, ўзаро мулоқотда бўлиб туриши, уларнинг фаоллигини оширади. Бу фаоллик, шубҳасиз, фахрийларнинг ўзларига ҳам, жамиятимизга ҳам фойдалидир.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 804






Все о погоде - Pogoda.uz