ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Кекса авлод вакилларига иззат ва эҳтиром

Кекса авлод вакилларига иззат ва эҳтиром

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳолидан ҳам хабар олишмоқда.

Зеро, ушбу оилалар ва фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш, қалбига қулоқ солиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш инсоний бурч ҳисобланади.

– Бугун Тошкент шаҳридан бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари уйимизга келиб ҳолимиздан хабар олганликлари мени жуда хурсанд қилди, – дейди Сирдарё вилояти Ширин шаҳри “Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1-гуруҳ ногирони Ҳамдам Султонов. – Ўзим 1968 йилда туғилганман, турмуш ўртоғим Новвотой Султонова ҳам туғма 2-гуруҳ ногирони. Мен яна бир бор амин бўлдимки, юртимизда биз каби ногиронлиги бўлган фуқаролар давлатимиз эътиборидан четда қолмаган.

photo5343559548612488193.jpg

– Турмуш ўртоғим, марҳум Ваҳоб Қодиров ҳам узоқ йиллар ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилган. Бир ўғил ва уч қизни тарбиялаб вояга етказдик. Ўғлим марҳум Абдувоҳид Қодиров ҳам ички ишлар органларида узоқ йиллар турли лавозимларда хизмат қилган, – дейди Тошкент вилояти Пискент тумани А.Навоий номли маҳаллада яшовчи, 89 ёшли Гулфия Қодирова. – Аввало, туман ички ишлар органлари ходимларига ва Фахрийлар кенгашига доимо менинг холимдан хабар олиб турганликлари учун миннатдорчилик билдираман. Менга ногиронлик аравача олиб беришди. Вақт ўз таъсирини ўтказмай қўймас экан, мана бугун кексалик гаштини сураяпман, уч қизим навбат билан менга қарашади. Лекин бугунги қувончимни қандай тасвирлаб беришга ҳам ожизман. Эшигимдан ИИВ Малака ошириш институти ходимлари кириб келиб, “Сиздан хабар олгани келдик” деган сўзлари мени янада қувватлантириб юборди.

Бундан ташқари, Институт профессор-ўқитувчилари ушбу олийжаноб ишларга ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг ҳисса қўшиши келажакда соҳани халқпарвар тизимга айлантиришда муҳим аҳамият касб этишини ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинларида ҳам тушунтириб бермоқдалар. Зеро, Давлатимиз Раҳбари таъкидланганларидек, қаердаки саховат ва меҳру-мурувват кўп бўлса, ана шу жойда файзу-барака қулоч ёзади.

ИИВ Малака ошириш институти 
матбуот хизмати.

867
ЎзА