Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 12:50 Чоп этиш версияси

Кечиктириб бўлмайдиган вазифа

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини ўқиб

Илм олмаган, китоб ўқимаган фарзандлар йўқотилган болалардир, деган эди мутафаккирлардан бири. Бугунги тараққиёт замонида инсоният китобдан бироз узоқлашиб, тарбияда кўп нарса йўқотмоқда.

Президентимизнинг мазкур фармойиши китобхонлик маданиятини ғоят долзарб, кечиктириб бўлмайдиган давлат сиёсати даражасидаги масала сифатида кун тартибига қўйди.

Собиқ тузум даврида миллий қадриятларимиз, бой меросимиз топталди. Беҳисоб вагонларни тўлдирган тонналаб тиллолар, олтину жавоҳирлар қаторида нодир китобларимиз ҳам олиб кетилди. Истилочиларнинг ўзлари “Биз икки фоизини саводли деб билган халқнинг бебаҳо, нодир китоблар йиққани ғоят таажжубланарлидир”, деб ёзганлари, ҳайратга тушганлари ҳам бор гап.

Шўро замонида четдан келган меҳмонларни қойил қолдириш учун чорвачилик фермасига олиб борилган. Бу “коммунизм” сари етаклаган тузумнинг “бахт” индекси эди. Бу дунё тамаддунига эшик очган, буюк китоблар қолдирган халқни руҳан синдиришнинг маккорона усули эди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорати билан миллий қадриятларимиз тикланди. Маънавиятимиз юксалди. Бугун Ватан мустақиллиги олий саодатга айланган, уни кўз қорачиғидек асраш шараф, жонфидолик бўлган кунларда яқин ўтмишдан сабоқ олиш ғоят муҳимдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юрт истиқболини кўзлаб китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида қабул қилган фармойиши оддий деҳқондан зиёлигача – барча юртдошларимизнинг юрагида қизғин акс-садо берди.

– Болаларимизнинг китобдан узоқлашиб бораётгани, интернетга банги бўлиб қолаётгани ҳаммамизни ташвишлантираётган эди, – дейди Ёзёвон туманидаги 22-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Ўктамхон Солиева. – Бир муаллима сифатида фармойиш орқали бизни уйғотгани, болаларимизни бадиий китобга ошно қилиш учун катта истиқбол эшикларини очгани учун Президентимиздан миннатдормиз. Шу билан бирга, китобдан узоқлашган болаларнинг мустақил, эркин фикрлаши саёз бўлиб қолаётгани, синфдан синфга кўчириш имтиҳонларида, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида диктант, иншо ёзиш амалга жорий этилмаётгани ўқувчиларнинг саводхонлик, бадиий тафаккур даражасига салбий таъсир кўрсатаётганини кўпдан бери мулоҳаза қилиб юрардик. Фармойишда бу масалаларни ўрганиш, ижодий таклифларни мувофиқлаштириш юзасидан комиссия тузилиши айниқса педагогларни қувонтирди.

– Менинг назаримда, интернет болаларимизни ўзиники қилиб олмоқда. Қўлидаги телефони ичига кириб олдими, қулоғига ҳеч гап кирмайди, гапимиз ўтмас бўлиб бормоқда, – дейди бағдодлик муаллима Кумушой опа. – Интернетнинг фойдали томонларини инкор этиб бўлмайди. Кеча набирам Акбаржон интернет орқали математикадан жаҳон олимпиадасига синов имтиҳонлари топширди. Интернет орқали ҳар куни дунёда яратилаётган кашфиётлардан бизни ҳам хабардор қилиб туради. Жаҳондаги мўъжизаларни сиёҳи қуримай сизга етказаётган ва истеъдодли ёшларимизнинг кашфиётлари довруғини дунёга ёяётган интернетни мўъжизалар мўъжизаси дегингиз келади.

Дарҳақиқат, интернет беқиёс имкониятлар макони сифатида тараққиётга хизмат қилиши билан бирга, агар ундан эгри ниятда ёки бемақсад фойдаланилса, кони зарарга айланиши мумкин.

– Айрим ёшларимиз миллий оҳангларимиз, қадриятларимиздан йироқ олди-қочди, енгил-елпи, қулоқни қоматга келтирувчи куй-қўшиқлар асирига айланиб бормоқда. Афсуски, ўз илдизларимизга болта ураётган бу кўринишлар ўз тарбиямиз, ташвиқотимиз, лоқайдлигимиз меваси. Ҳадеб айбни "оммавий маданият" таъсиридан қидиравермасдан, енгил-елпи асарлар, халқимиз дидини, бадиий савиясини ўтмаслаштираётган «қисса»лардан изласак, масаланинг моҳиятига тезроқ етармидик? Яна бир гап, агар фармойишда кўрсатилганидек, китоб нашр этиш ва тарқатишга ваколатли бўлган ягона давлат органи белгиланса, биз, ижодкорлар ҳам бундай оғир юкдан халос бўлар эдик,– деб куюнади шоира Мўътабар Ғуломова.

Темир йўллар, тезюрар поездларимиз ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтиради. Барча шароитлар муҳайё қилинган кўркам вагонлар, юмшоқ ўриндиқларда келажак ҳақида учқур хаёлларга толасиз. Тилагингизга “лаббай” деб турган, пўлат тулпорларни қойилмақом бошқараётган темирйўл хизматчилари – ёшларимизнинг қадди-бастига, муомаласига, тил билишига ҳавасингиз келади. Лекин манзилга етгунча вагондаги телеэкранда намойиш қилинаётган енгил-елпи қўшиқлару фильмлардан энсангиз қотади, таъбингиз хира бўлади.

– Нега мумтоз қўшиқларимиз, миллий фильмларимиздан намойиш этмайсизлар? – деб сўрайман.

– Бизга фақат шулар берилган, – дейди проводник қизимиз хижолат тортиб.

Агар ҳар куни поездларга минглаб йўловчилар чиқиши, ўзимиз сезиб-сезмаган ҳолда уларнинг маънавиятини тубанлаштираётганимизни эътиборга олсак, кимнингдир манфаати, совуққонлиги, лоқайдлиги, қадриятларимизни писанд қилмаслиги, эътиборсизлиги сабаб билиб-билмай ўз келажагимизга ўзимиз соя солаётганимиз аён бўлади. Миллионлаб одамларнинг маънавиятига масъуллик ҳеч қайси мутасадди раҳбарни эътиборсиз қолдирмаслиги зарур. Биринчи Президентимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деган сўзларини унутишга асло ҳаққимиз йўқ.

Ҳа, сўз илоҳий қудратга эга, у юради, қалбларни жунбушга келтириб забт этади, поклайди, комиллик сари етаклайди. Айни пайтда ёвузлик, жаҳолат, манқуртлик қуролига айланганда ёмонлик уруғларини урчитади. Қаранг, компьютерни ҳар гал очганимизда «касалланмаслиги» учун уни вируслардан тозалаймиз. Бунинг учун вақтимизни ҳам, пулимизни ҳам аямаймиз. Лекин фарзандларимиз қалби, иймон-эътиқоди, онгини интернет ва бошқа воситалар орқали кириб келаётган юқумли, кўринмас вируслардан ҳам ҳалокатли бўлган диний маҳдудлик, терроризм, гиёҳвандлик каби бало-қазолардан вақтида асрай олаяпмизми? Мутафаккир боболаримизнинг қуйидаги ҳикмати бизни огоҳликка чорлайди: Қалбинг деразасини дунёга очиб қўй. Токи ундан эзгуликнинг бўйлари, яхшиликлар ифори, тоза ҳаво, қуёш нури, суманбар насимлар бўйласин. Лекин унутмагилки, огоҳ бўлгилки, очиқ деразадан кирган бўрону тўфонлар, жаҳолат қуюнлари қалбингни остин-устин қилиб, вайронага айлантирмасин. Неча асрлар қаъридан бизгача етиб келган бу башорат гўё “оммавий маданият”, интернетнинг бугунги хатари ҳақида айтаётгандек, огоҳлантираётгандек.

Президентимизнинг фармойиши бизни ташвишлантираётган ушбу масалаларни чуқур танқидий таҳлил қилиш, саволларимизга жавоб топиш, бу борадаги муаммолар ечимини топишга кенг йўл очади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишида ёшларни шу юртнинг чинакам ватанпарварлари этиб тарбиялашда китоб ғоят қудратли куч эканини қайта-қайта таъкидлаётганлари бежиз эмас.

Бинобарин, ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёшларимизнинг мутолаага муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди.

Энахон Сиддиқова,

Ўзбекистон халқ шоири,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Фарғона вилояти бўлими раҳбари.

ЎзА
1 315






Все о погоде - Pogoda.uz