Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.05.2018 14:49 Чоп этиш версияси

Кажун (Cajun) – Америка халқ ижоди

07.jpg

Фонограмма қоронғу хонада компьютерда яратилган мусиқа ва қўшиқ, унда рух йўқ. Ҳақиқий мусиқа – бу фольклор, дейишди америкалик хонандалар.

Кажун мусиқаси америкача усул бўлиб, Қўшма Штатлар жанубидаги Луизиана штатининг французча гаплашиладиган ҳудудларида вужудга келган. Французча ва Америка жанубидаги штатлар мусиқасини уйғунлаштирган ҳолда аккордеон ва скрипкада ижро этилувчи ушбу мусиқа чин маънода Луизиана ва Америкага хосдир.

Таниқли “Pine Leaf Boys” гуруҳи Давлат Департаментининг “Маданият элчилари жаҳон бўйлаб” дастури доирасида бир неча йил аввал Ўзбекистонда иккита концерт берган эди. “Pine Leaf Boys” АҚШ Давлат Департаментининг Америка мусиқаси ва маданиятини бутун дунёга таништирувчи дастурининг бир бўлаги сифатида Ўзбекистонга таклиф этилди. Мазкур мусиқий гуруҳ 2009 йилдан буён ўз маҳоратини жаҳон бўйлаб намойиш этиб келмоқда. У илгари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Латвия, Дания ва Словенияда, шунингдек, Қуддусда концертлар берган.

09.jpg

Тўрт карра Грэмми мукофотига номзоди қўйилган “Pine Leaf Boys” гуруҳи ўзининг кажун мусиқаси ва жўшқин ижроси билан ажралиб туради. Унинг репертуари америкача кажун мумтоз куйлари ҳамда рақс залларида машҳур қўшиқларни ўз ичига олади. Гуруҳ ҳақида ёзар экан, “Нью-Йорк Таймс” газетаси “сўнгги йиллардаги энг яхши янги, ғайратли, сурурбахш кажун мусиқаси ижрочиси” деб таъриф берган эди. Гуруҳ аъзоларини Уилсон Савой (аккордеон, скрипка ва вокал), Даниэль Гейл (скрипка), Дрю Саймон (ноғора ва вокал), Жон Бетранд (гитара) ва Дэвид Томас (бас) ташкил қилади.

Ўзбекистонда иккита концертдан ташқари, “Pine Leaf Boys” мамлакат бўйлаб мусиқа мактабларида маҳорат дарслари ҳам ўтказиб, уларда Америка жанубий штатлари мусиқасининг ўзига хос томонлари хусусида маҳаллий талабаларга сабоқ берди.

Тошкентда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашган гуруҳ аъзолари Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар хақида илиқ фикрларни билдиришганди.

Уилсон Савой: 

05.jpg“Ўзбекистон бизга жуда ҳам ёқди. Қадимий шаҳарлари билан машҳур Ўзбекистоннинг иқлими бизнинг Луизиана штатига ўхшаб кетар экан. Биз мамлакатингизда атиги бир неча кун бўлсак-да, катта таассуротлар билан Ўзбекистон билан хайрлашаяпмиз. Бу ерда бизни жуда яхши кутиб олишди. Биз кўп мамлакатларда бўлганмиз, бироқ меҳрни кўпроқ Ўзбекистонда кўрдик, кўплаб муҳлисларга эга бўлдик. Ўзбекистон истеъдолар мамлакатидир. Биз Успенский номидаги мусиқа мактабида бўлганимизда, маҳаллий миллат болаларининг миллий чолғу асбоблардан ташқари европа халқларининг чолғуларидан маҳорат билан фойдаланган ҳолда жаҳон мусиқаси дурдоналарини ижро этишларини кўриб, уларнинг истеъдодига тан бердик. Бундай ҳодисани биз бирор бир мамлакатда кўрмаган эдик.

Гуручни севмаган инсонлар Луизианани, унинг кажун мусиқасини англай олмайди. Ўзбеклар гуручдан тайёрланадиган паловни севишади, шу сабабли ҳам бизни боғлаб турувчи жиҳатлар мавжуд деб ўйлайман. Биз илк бор паловни севиб таннавул қилдик. Мазаси оғзимизда қоладиган бўлди.

Қадимий Бухородан олам-олам таассурот олдик. Кечқурун шаҳардаги минора ва биноларнинг гумбазига чиқишга муваффақ бўлдик. Ҳақиқий эртаклар шаҳрига тушиб қолгандек бўлдик. Биргаликда суратга тушиб, интернет орқали Америкадаги қариндошларимиз, танишларимизга юбордик. Улар йўллаган жавобларида мўъжизалар шаҳрини кўрганимиз учун бизга ҳавас қилишларини маълум қилдилар”.

Шуни таъкидлаш керакки, матбуот анжуманида “Pine Leaf Boys” гуруҳи аъзолари журналистларнинг саволларига жавоб беришар экан, фонограммани кескин танқид қиллишди. Уларнинг фикрича, фонгорамма қоронғу хонада компьютерда яратилган мусиқа ва қўшиқ бўлиб, унда рух йўқ экан. Ҳақиқий мусиқа – бу фольклор, дейишди америкалик хонандалар.

Журналистлардан бирининг “нима учун бу жанрни танладингиз”, деган саволига Уилсон Савой “Ҳақиқий санъат бўлмиш халқ ижодини тақдир ҳукмига ташлаб қўйгимиз келмади”, деб жавоб қайтарди. Дарҳақиқат, жонли ижро билан журналистларни лол қолдирган америкалик санъаткорлар таъкидлаганларидек, ҳақиқий мусиқа компьютерда яратилмайди, балки жонли ижро этилади.

Шарофиддин Тўлаганов

7 364