ЎзА Ўзбек

09.07.2018 14:23 Чоп этиш версияси

Катта адабиёт сари илк одимлар

Катта адабиёт сари илк одимлар
Жиззах вилояти Зомин туманида 5-7 июль кунлари ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан саралаб олинган 80 нафар ёш ижодкор иштирок этди. 

Моргузар тоғлари бағридаги сўлим табиатли Ўриклисой дам олиш масканида ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш ва мутолаа маданиятини юксалтириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

1-faqat saytga.jpg

– Президентимизнинг китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ижодкорлар, хусусан, истеъдодли ёшларни рағбатлантириш, уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур шароитлар яратиш борасидаги фармон ва қарорлари маънавий-маърифий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саидов. – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Ижод” фонди кўмагида ҳар йили ёш ижодкорларнинг илк китоблари 10 ва 20 минг нусхада чоп этиб келинаётгани, бир неча йиллик танаффусдан сўнг Зомин семинари қайта тикланиши ана шу собитқадам сиёсатнинг амалдаги ифодасидир. Ёш қалам аҳли интиқ кутадиган, уларни катта синовлардан ўтказадиган бу анжуман чинакам маҳорат майдонига айланди, десам муболаға бўлмайди.

Мушоиралар, устозлар билан учрашувлар бу масканга чинакам ижодий руҳ бағишлаб, ёш ижодкорлар қалбини тўлқинлантириб юборди. Анжуманга катта тайёргарлик кўрилгани туфайли иштирокчиларга яратилган қулайлик режалаштирилган тадбирларнинг юқори савияда ўтишини таъминлади. 

Тадбирнинг иккинчи куни анжуманнинг асосий мақсади – адабиёт жанрлари бўйича ижодий машғулотлар бўлиб ўтди. Шеърият йўналишида Ўзбекистон халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Энахон Сиддиқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Эшқобил Шукур, Гавҳар Ибодуллаева, таниқли шоиралар Зулфия Мўминова, Фарида Афрўз, наср йўналишида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Кенесбой Каримов, ёзувчилар Назар Эшонқул, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, бадиий публицистика йўналишида “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири Воҳид Луқмон, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири Барно Султонова, болалар адабиёти йўналишида Ашурали Жўраев, Дилшод Ражаб, Ориф Тўхташ ёшларга маҳорат дарслари ўтди. Адабий танқид йўналишида филология фанлари доктори Нурбой Жабборов, бадиий таржима йўналишида Муҳиддин Омон, Ойгул Суюндиқова, Гулноза Одилова, драматургия йўналишида Эркин Хушвақтов ижодий машғулотлар ўтказди.

11.jpg

Машғулотларда ёшлар бадиий маҳорат ва ижод сирларига оид зарур маслаҳатлар олди. Ижод намуналари таҳлил қилинди.

Айниқса, Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон ва Усмон Азим билан учрашувлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

– Ёш ижодкорлар учун устозлар йўл-йўриғи, маслаҳати катта мактабдир, – дейди Хоразм вилоятидан келган иштирокчи Зумрад Машарипова. – Зоминнинг бетакрор табиати қўйнида ана шу мактабдан сабоқ олдик. Устозлар ижодига ҳайрат ва ҳавас туфайли янги мавзу ва ижодий режалар туғилди, янги шеърий сатрлар уйғонди. Бу туйғуларнинг маҳсули адабиётимизга янги ирмоқлар бўлиб қўшилажак.

Уч кун давом этган турли маданий тадбирлар, ям-яшил арчага бурканган Зомин тоғлари ва шаршарага саёҳатлар ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбир якунида иштирокчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг сертификатлари, бадиий китоблар ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
8 352