Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 09:53 Чоп этиш версияси

Карвон манзилига етолмади

Навоий вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Навоий вилояти Навбаҳор тумани ҳудудида ўтказилган тадбир давомида “Сармишсой-Қалқонота” йўналишида ҳаракатланаётган 4 та автомобилдан иборат "карвон" тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Автомобиллар салонида фуқаролар Г.Қ., Х.Ж., Т.К. ва Ш.Э.га тегишли 140, 420, 150, 120 килограмм оғирликда полиэтилен қопларга солинган тошлар таркибида тилла қимматбаҳо метали мавжудлиги аниқланган.

Бир маҳалладан бўлган бу қўшнилар ҳеч қандай рухсатномасиз Сармишсой тоғли ҳудудидан қазиб олинган ушбу тошларни Хатирчи туманига олиб бориб, таркибидаги тилла қимматбаҳо металини ажратиб олишни мақсад қилганликлари маълум бўлди.

Ушбу фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатига ўз вақтида чек қўйилди. Далилий ашё сифатида олинган 830 килограмм оғирликдаги, таркибида тилла нодир метали бўлган тошлар суд қарори билан Навоий кон-металлургия комбинатига топширилди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 2017 йил давомида 11 ҳолатда бу турдаги ҳуқуқбузарликлар фош этилиб, ноқонуний қазиб олинган 7 тоннадан ортиқ таркибида тилла зарралари мавжуд тошлар давлат фойдасига мусодара қилинган.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
14 074