Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.05.2018 11:21 Чоп этиш версияси

Картошка уруғи етиштиришда янгича усул

Картошка уруғи етиштиришда янгича усул Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Обид Содиқов номидаги Биоорганик кимё институти ҳужайра технологиялари лабораторияси жамоаси Жиззах вилоятидаги “Бахмал” тажриба хўжалигида картошка уруғини биотехнологик усулда in-vitro шароитида етиштиришни йўлга қўйди.

Картошка салқин, сернам тоғолди ҳудудларида яхши ҳосил беради. Бахмал туманининг тупроқ, иқлим шароити ҳам ушбу экин учун жуда қулай.

Айни пайтда туманда фермер ва томорқа эгалари учун картошка уруғи етиштириб берадиган “Бахмал” тажриба хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили хўжаликнинг 3 гектар майдонида уруғлик картошка етиштирилган бўлса, бу йил 11 гектар майдонда уруғлик учун картошка экилган.

2.JPG

– Картошканинг янги ҳосилдор навларини яратиш, деҳқонларни сифатли уруғлик билан таъминлаш борасида олиб борилаётган изланишлар ўз самарасини бермоқда, – дейди “Бахмал” тажриба хўжалиги илмий ходими Ҳамза Абдурасулов. – Хўжалигимизда биотехнология асосида ҳужайрадан микротуганак ҳосил қилиш орқали яратилган элита ва супер элита картошка уруғи етиштирилмоқда. Бу уруғ экилган майдоннинг ҳар бир гектаридан 35-40 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Касалликларга чидамли уруғлик агар агротехника талаблари тўлиқ бажарилса беш йилгача яхши ҳосил беради.

Тажриба хўжалиги фермерлар ва томорқа ер эгалари билан 135 тонна элита уруғлиги ва 500 мингта микротуганаклар етказиб бериш бўйича шартнома тузган.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
4 621