ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Карманада 100 мвт қувватли фотоэлектр станцияси қурилади

Карманада 100 мвт қувватли фотоэлектр станцияси қурилади

8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компаниялари ўртасида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш юзасидан инвестиция битими имзоланди.

Хўш, ушбу инвестицион лойиҳа қачон бошланган эди?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 08 августдаги 633-сонли қарорига мувофиқ Халқаро молия корпорациясининг иштирокидаги давлат хусусий шериклиги дастури асосида замонавий фотоэлектрстанция қуриш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган эди. Бу галги инвестицион лойиҳанинг қурилиш манзили Навоий вилоятининг Кармана тумани бўлди.

Даставвал, 2018 йил октябрь ойида Кармана тумани ҳокимияти томонидан 266 гектар ер майдони ажратилди ва ўша йилнинг ноябрь ойида 52 та хорижий инвестицион компаниялар ўртасида танлов музокаралари ўтказилди. Жорий йилнинг сентябрь ойига келиб 5 та йирик компаниялар ушбу лойиҳа бўйича ўз таклифларини беришди.

Халқаро молия корпорацияси томонидан ўтказилган танловда 1 кВт.с электр энергияси ишлаб чиқариш учун 2,679 цент таклиф қилган “Masdar” компанияси ғолиб деб топилди.

Бугунги инвестиция битими имзолаш учрашувида “Masdar” компаниясининг вакиллари, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Ходжаев, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Холиқ Элмуродов ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг қиймати 100 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, Навоий вилоятининг Кармана туманида қуриладиган фотоэлектрстанция 2021 йилнинг III чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Серқуёш ўзбек заминида Бирлашган Араб Амирликлари мутахассислари иштирокида қурилажак қуёш энергияси станцияси йилига 260 миллион кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқаради. Бу, ўз навбатида, Навоий вилояти саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолини сифатли электр энергияси билан узлуксиз таъминлаб бериш учун хизмат қилади. Бундан ташқари, умумий энерготизим барқарор фаолият кўрсатишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади, дея хабар беради “Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот хизмати.


1 315
ЎзА