Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 18:32 Чоп этиш версияси

"Кафолат суғурта компанияси" томонидан 2017 йилда 23,7 миллиард сўм суғурта тўловлари амалга оширилди

Ўзбекистон суғурта бозорида 27 суғурта компанияси фаолият кўрсатади. Уларда 5,5 мингдан зиёд ходим, 7 мингдан кўпроқ суғурта агенти фуқароларга 130 дан ортиқ суғурта хизматини таклиф этиб келмоқда. “Кафолат суғурта компанияси” акциядорлик жамияти мамлакатимизда фаолият юритаётган йирик суғурта компаниялардан ҳисобланади. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида мазкур компаниянинг 2017 йилги фаолияти таҳлилига бағишланган анжуманда қайд этилди.

Таъкидландики, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Кафолат суғурта компанияси” акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори суғурта компаниясининг халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатишида муҳим омил бўлмоқда. Мазкур қарор билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун суғурта хизматлари кўламини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатларини самарадор суғурталаш тизими янада такомиллашмоқда.

“Кафолат суғурта компанияси” АЖ 2017 йил 726,3 мингдан зиёд суғурта шартномасини имзолаб, 80,3 миллиард сўм суғурта мукофотларини жамлаган. Компанияга ўтган йил мижозларидан 7,5 мингга яқин ариза келиб тушган. Улар асосида 23,7 миллиард сўм суғурта тўловлари амалга оширилган. Таҳлилларга кўра, 1 ариза бўйича ўртача тўлов миқдори 3,2 миллион сўмни ташкил этган.

Суғурта компанияси тарғибот ишларига асосий эътибор қаратмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда турли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Матбуот анжуманида “Кафолат суғурта компанияси” АЖ бошқаруви раиси Саидолим Насриддинов журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, хизматлар тури ва сифатини яхшилаш, бу борада инновацион ғоялардан унумли фойдаланиш бўйича истиқболдаги режалар ҳақида гапириб берди. Хусусан, олис ҳудудларда янги бўлинмалар тармоғини ташкил этиш, шу орқали янги иш ўринларини яратиш, компания тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш, халқаро етакчи суғурта компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги инновацион суғурта маҳсулотларини яратиш, суғурта хизматларини интернет тармоғи орқали сотишни ривожлантириш каби чора-тадбирлар компания олдидаги муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
9 681