ЎзА Ўзбек

14.06.2018 14:40 Чоп этиш версияси

“К-Поп” фестивали ғолиблари аниқланди

Қўшиқ ва рақс тил, дин ва миллат танламайдиган энг бебаҳо меросдир. Юракдан жўшиб куйланган қўшиқ ҳеч қандай таржимонсиз тушунилади, маҳорат билан ижро этилган рақс қалбларни забт этади.

Бу “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтган анъанавий “К-ПОП” VII халқаро фестивалининг мамлакат босқичида яна бир бор намоён бўлди.

Тадбирда Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ва Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамлангани халқларимизнинг маданий мулоқотига кенг йўл очаётганини таъкидлади. “К-ПОП” корейс қўшиқлари фестивалида ғолибликни қўлга киритган ёшлар Корея Республикаси ва бутун дунё рейтингида ўз ўрнига эга бўлаётгани эътироф этилди.

Икки босқичда ташкил этилган фестивалда 12 жамоа вокал ва рақс йўналишида баҳслашди. Чиқишларни баҳолашда иштирокчиларнинг саҳна маданияти, қўшиқ ва рақсда образ ярата олгани ҳамда ижро маҳоратига эътибор қаратилди. Ҳар босқич якунида томошабинлар диққатини тортиш мақсадида “Бахтли лотерия” ўйини ўтказилди. Корея элчихонаси томонидан омадли томошабинларга совғалар тақдим этилди.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Эслатиб ўтамиз, фестивалда Гран-при ва биринчи ўринни эгаллаган гуруҳлар ижролари интернет тармоғига жойлаштирилади. Улар жорий йил сентябрь ойида Кореяда ўтадиган фестивалнинг халқаро босқичида Ўзбекистон номидан иштирок этади.

Дилобар Маматова, ЎзА
4 160