Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 18:06 Чоп этиш версияси

Кўп тармоқ – кўп даромад

Кўп тармоқ – кўп даромад
Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги 21 минг гектар экин майдонининг 8 минг гектарида ғалла, 6 минг 800 гектарида пахта етиштирилмоқда.

– Миришкорларимиз давлатга 22 минг 300 тонна ғалла, 22 минг тонна пахта сотиш шартнома режасини бажариш учун астойдил меҳнат қилмоқда, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари У.Умаров. – Ғалла етиштириш ва ғўза парваришида “Бешбулоқ”, “Ўзбекистон”, “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилари уюшмалари етакчилик қилмоқда. “Орол неъматлари”, “Бургутли Учқун”, “Нурли бўстон файз” каби фермер хўжаликлари давлатга ғалла сотиш шартнома режасини ортиғи билан уддалади.

Туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг алоҳида ўрни бор.

4.JPG

– Жорий йилда 30 гектар ерда ғалла етиштирдик, 20 гектарда пахта парваришлаяпмиз, – дейди “Орол неъматлари” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Б.Бегматов. – Ғалла ҳосилдорлиги ўртача 80 центнерни ташкил этди. Давлатга ғалла сотиш шартнома режасини 127,4 фоизга уддалаб, 85,5 тонна ўрнига 110 тонна сара дон топширдик. Айни пайтда сомонни махсус техника ёрдамида преслаб, қиш мавсумига жамғармоқдамиз.

Хўжаликда 450 бош қорамол, 300 бош қўй-эчки, 150 бош йилқи боқилмоқда. Жорий йил 20 гектарлик ҳавзада балиқчилик ташкил этилди. Сунъий кўлга йил бошида сазан, оқ амур, дўнг пешона каби балиқ чавоқлари ташланди. 

Фермер хўжалигининг 13,2 гектар боғи ва 2 гектар токзорида ҳам мўл ҳосил етиштирилди. Айни пайтда 45 тонна олхўри экспорт қилиш учун тайёр.

Хўжаликда парваришланаётган 3 минг 500 ўрдак сони яқин вақтларда 10 мингга етказилиши режалаштирилган. Ўтган йил кузда ташкил этилган 10 сотихли иссиқхонада етиштирилган помидор, бодринг ва турли кўкатлардан 20 миллион сўм даромад олинди.

Доимий 70, мавсумий 130 киши иш билан таъминланган хўжаликнинг йиллик даромади ҳам қилинаётган меҳнатга яраша салмоқли. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги ва чорва маҳсулотларидан ҳамда фермер хўжалигига қарашли тантаналар зали, маиший ва савдо объектларидан жами 1 миллиард 500 миллион сўм даромад қилинди.

5 (1).JPG

Даромад бор жойда янги лойиҳаларни амалга ошириш, тармоқни кенгайтиришга ҳаракат бўлиши табиий.

– Бу йилги даромаддан 200 тонна сиғимга эга совутгич-омборхона қуришни режалаштирганмиз, – дейди фермер. – Албатта, бу катта маблағ талаб қиладиган иш, шунинг учун банкдан яна 1 миллиард сўм кредит олдик. Келгусида теварак-атрофда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини куз-қишга сифатли сақлаш имкониятига эга бўламиз. 

Умуман, туманда “Орол неъматлари” каби кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони йил сайин ортиб бормоқда. Кўп тармоқ – кўп даромад беришини "Орол неъматлари" фермер хўжалиги фаолияти мисолида кўраётган бошқа хўжаликлар ҳам шундай йўлдан боришни мақсад қилган. 

А.Қаюмов, ЎзА Фурқат Тошматов (ЎзА) олган суратлар
5 323