Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2018 15:09 Чоп этиш версияси

Кўча номлари қаерда?

Кўча номлари қаерда? Тошкент кўчаларининг номларини яхши биласизми? Биз аслида «Ғунча» деб юритувчи кўча «Беруний», «Кўкча» деб билган жойимиз эса «Маннон Уйғур», «Кўкча дарвоза» кўчаси экани, машҳур «Халқлар дўстлиги» кўчаси, деб билган жойимизнинг асл номи бошқа эканидан хабарингиз борми?

Бугунги кунда аҳолида манзилларни эски номлари билан аташ ёки ўша ерда жойлашган ижтимоий обеъктлар билан тушунтириш оммалашгани сир эмас. Аслида бунга сабаб нима? Бу борада кичик журналистик кузатувлар олиб бориб, саволимизга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Пойтахтни бошдан оёқ кезиб чиқиб, аксарият кўчаларнинг номларини кўзга ташланадиган ерга ёзиб қўйилганини учратмадик.

Масалан, «Нурафшон» кичик ҳалқа йўли очилганига ҳам анча вақт ўтди. Янги ҳалқа йўли сабаб кўчаларда ўзгаришлар бўлди. «Нурафшон» кўчасидаги кесишган йўлларнинг бири «Абдулла Авлоний», «Сағбон» кўчаси, бири «Қорасарой», яна бири «Беруний» кўчаларига олиб чиқади. Лекин, «Нурафшон» кичик ҳалқа йўлидаги биронта чорраҳада ҳам қайси кўчага олиб чиқиши кўрсатилган белги қўйилмаган. Аслида, бундай белгилар ҳайдовчига ҳам бемалол кўриниши лозим. Бироқ мутасаддилар кўча номларини ҳамон қайсидир бинонинг бир чеккасига илиб қўйиш билан кифояланиб келишмоқда. Дарахтлар орасидаги, қайсидир бинонинг бурчагидаги белгиларни излаб топгунингизча етар манзилингизга кечикишингиз турган гап.

Айнан шу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлигининг масъуллари билан боғланганимизда шаҳарда барча кўчаларнинг номлари керакли жойга қўйилгани ва бинолар бурчагидаги белгилар йўл ўртасидаги ҳайдовчиларга ҳам бемалол кўринишига бизни ишонтиришга ҳаракат қилишди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ камчиликларни санагандан кўра уни бартараф этиш чораларини излаган яхшироқ назаримизда. Зеро, бу каби хато ва камчиликлар туризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга ҳам соя солиши турган гап. Шу нуқтаи назардан, мутасадди идора вакиллари бу масалада бошдан дўппини олиб, яхшилаб ўйлаб кўришсалар яхши бўларди.

Хорижда бўлганлар яхши билишади. Чет давлатларда йўл юзида махсус устунларга чап-ўнг кўча номлари кўрсатиб қўйилади. Чорраҳалардаги чироқлар ёнига ёки йўл ўртасига катта белгилар билан ажратиб кўрсатилган. Ҳар қандай одам ўзига керакли манзилни осон топа олади. 

Мана бу суратларга қараб ўзингиз хулоса чиқаринг:

Kucha 01.jpg

Kucha 02.jpg

Хулоса ўрнида айтганда, кўча номларига бу каби муносабатда бўлиш орқали одамлар онгига янги номларни сингдириб бўлмайди. Агар ҳолат давом этаверса, эски номлар билан манзилимизни осон топишни афзал билиб қолаверамиз.

Биз муаммо сифатида ўртага ташлаган масала юзасидан ўқувчилардан фикр-мулоҳазалар, мутасаддилардан эса амалий чоралар кутиб қоламиз.

Анора Содиқова, ЎзА
22 638