Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 17:04 Чоп этиш версияси

Изланиб, интилиб яшаш мукофоти – фароғат

Изланиб, интилиб яшаш мукофоти – фароғат
Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, 

маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасидан.

Ёш ўтган сайин тез-тез ортингга назар ташлайдиган бўлиб қолар экансан. «Умрим беҳуда ўтмадими? Ўйлаган орзу-ниятларимга етдимми?» дея бот-бот ўзимга савол бераман. Инсон яшагани сайин, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англаб боради. Минг шукр, юртимизнинг ҳамма жойида талабаларим, шогирдларим бор. Улар йўқлаб келса, мактублар ёзса, беҳуда яшамаганимни ҳис қиламан.

14.JPG

Тўғриси, болалик дамларимиз оғир йилларга тўғри келди. 1935 йил Тошкентда туғилган бўлсам-да, болалигим, ёшлигим Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида ўтди. 1942 йил отамнинг иши юзасидан борган жойимизда оилалар унча кўп эмас, одамлар ертўлаларда жон сақларди. Кундузлари қумга тухум кўмсангиз пишадиган даражада иссиқ бўлиб, биз фақат кечқурун ой ёруғида ўйнардик. Озиқ-овқат танқис. Ичимлик сувини ҳам ниҳоятда тежаб ишлатардик. На мактаб бор, на кутубхона. Болалигимизни безайдиган бирдан-бир нарса онамнинг эртакларию ўқиб берган китоблари эди.

28.JPG

1944 йил отам урушга кетиб, онам бир этак бола билан қолди. Саккиз ёшдан ошиб мактабга бордим. Ҳаммасидан ҳам очлик қийнаб юборган замонлар эди. Тез орада уруш тугади. Биз бир нарсани билардик. Ғалаба деганлари дадамизнинг уйга қайтиши эди. Ниҳоят, бизнинг уйимизда чироқ ёнди. Ғалабамиз ҳам, қувончимиз ҳам отамнинг соғ-саломат келгани бўлди.

9.JPG

1953 йил мактабни кумуш медаль билан тамомладим, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги академияга ўқишга кирдим. Ўқишни тугатиб, Ховосда, кейинроқ Чимбой туманида ишладим.

1.JPG

Бу соҳага меҳр қўйишимда онамнинг табиатни севиши ҳам сабаб бўлган. “Табиат меҳнатнинг мевасини жуда тез қайтаради. Бу қандай мўъжизаки, бир ҳовуч уруғ сепсанг, озгина меҳр берсанг, вақти келиб бир этак ҳосил беради”, дер эдилар.

...Уйимизнинг деразасига тонгда офтоб нури тушади. Ўрнимдан туриб талабалар ҳузурига шошаман. Улар билан мулоқотларим, эртанги кунига ишониб яшаётган илм толибларининг интилишлари менга куч бағишлайди. Илм ўрганишни игна билан қудуқ қазишга ўхшатишади. Бироқ, сиз игна ушлаб қудуқ қазиётган кишини ҳеч кўз олдингизга келтирганмисиз? Битта экиннинг илдизини ўрганиш учун соатлаб сув ичида юрган кезларим бўлган. Ҳар битта экинни боламдек ардоқлаб, унинг нафас олиши, озиқланишини ойлаб кузатган дамларим бўлган. Улар билан бирга яшадим, нафас олдим. 

Ҳаётимга мазмун бахш этган яна бир қувонч – талабаларим. Илм ўрганаман деб олислардан келган, ер билан тиллашадиган, ўсимликларнинг «тили»ни тушунадиган талабаларни кўрсам, бошим осмонга етади. Боиси, бундай ёшлар ўз соҳасини гуллатади. Юртимизнинг таянчи, бахти бўла олади. Тошкентлик Виктор Гостюхин, қашқадарёлик Араббой Рўзиев, хоразмлик Абдулла Абдуллаев, қорақалпоғистонлик Эгамберди Тожибоев каби йигирмадан ортиқ шогирдим бор. Уларнинг ўнга яқини қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, иккитаси доктор бўлди. Покистонлик Фазал Ҳайъат Тож, мисрлик Мустафо Муҳаммад Селим Али, суриялик Немех Муҳаммад Зенитдин, ливиялик Гит Халед Баҳри, вьетнамлик Нгуен Тхи Тху каби шогирдларим ҳали ҳам хабарлашиб туради. Умрининг 50 йилини ўқиш, изланишга сарф этган олиманинг парвариш қилган дарахти улар.

Улар билан биргаликда соя, мош, ловия, судан ўти каби озуқабоп ўсимликларни етиштириш устида тадқиқотлар олиб бордик. Бу борада кўплаб ютуқларга эришдик. Мисол учун, маккажўхори ўлкамизда кўп экилади, серҳосил ўсимлик. Лекин ернинг кучини олиб қўяди. Маккажўхори соя ўсимлиги билан қўшиб экилса, тупроқнинг қуввати кўпроқ ошишини исботладик.

Юртимиз мустақилликка эришганда нафақа ёшига етган эдим. Шунча йиллар ҳозирги Тошкент давлат аграр университетининг ўсимликшунослик кафедрасида ишлаган бўлсам-да, меҳнатларим эътироф этилмаганди. Истиқлол кўзимга нур, юрагимга қувват ато этди. Йилдан-йилга оёққа туриб, улғайиб бораётган ёш давлатимизнинг ютуқларидан қувондим. “Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида ем-хашак экинлари ҳосилдорлигини оширишда технологиянинг роли” мавзуида докторлик ишини ҳимоя қилдим, профессор унвонига сазовор бўлдим. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони билан тақдирландим.

Рағбатдан, эътибордан руҳланиб, изланишларни бир дақиқа бўлса-да, тўхтатмадим. Шогирдларим билан шўр тупроққа, сувсизликка чидамли, серҳосил нўхат навларини яратиш борасида олиб борган изланишларимиз самарасида «Малхотра», «Ҳалима» навларини яратиб, патент олдик. Бу навлар барча вилоятларда экиш учун давлат реестрига киритилди. «Малхотра» кузда экилса, гектаридан 4 тонна, «Ҳалима» баҳорда экилса, уч тоннадан ортиқ ҳосил беради. Шу тариқа кузги ва баҳорги навлар яратилди. Уларнинг дони йирик, ҳосили яхши, қайнатганда тез пишади. Ҳозир «Асилбек» ва «Мерос» навлари синовдан ўтмоқда.

Халқимизда нонни асрасанг нонга, кийимни асрасанг кийимга етасан деган нақл бор. Талабаларга юртимизда ҳар қанча тўкин-сочинлик бўлса-да, исрофга йўл қўймасликларини уқтираман. Ниятим – дастурхонларимиз янада тўкин, юртимиз осмони доимо тинч бўлсин.

Ҳалима Отабоева,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
халқ таълими ходими.

Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
1 856






Все о погоде - Pogoda.uz