ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Ижтимоий инвестициялар: давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги

Ижтимоий инвестициялар: давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан ижтимоий инвестициялар киритиш соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда ҳамкор вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот марказлари мутахассислари, халқаро ташкилотлар, АҚШ Колумбия университетининг халқаро ва ижтимоий муносабатлар соҳасидаги амалиётчи профессори Уильям Эймике бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ижтимоий инвестициялар соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, хусусий сектор билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш орқали ижтимоий соҳа ва инфратузилмага хусусий инвестицияларни жалб қилиш имконияти таъкидланди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ижтимоий инвестициялар жамиятдаги энг мураккаб вазифаларни ҳал этишнинг янги усули эканини қайд этди. Жумладан, ҳозир кўпчилик муаммолар – ижтимоий нотенглик, арзон уй-жой етишмаслиги, коррупция, соғлиқни сақлаш тизими етарли ривожланмагани, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи жуда мураккаб бўлиб туюлса-да, уларнинг ечими бор. Давлат ва хусусий сектор, шунингдек, хайрия жамғармалари ҳамкорлигида бу муаммоларни ҳал этиш мумкин.

Тадбирда “Ижтимоий аҳамиятли инвестициялар” китоби муаллифи, профессор Уильям Эймике АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатларида ижтимоий инвестициялар доирасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг муваффақиятли тажрибаси ҳақида сўзлаб берди. Бундай турдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қайси омиллар таъсир кўрсатиши ҳақида ўз қарашларини билдирди.

Колумбия университети профессори Уильям Эймике бошчилигидаги делегациянинг ташрифи жорий йил 16-22 июлда Ўзбекистон делегациясининг АҚШга сафари чоғида Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва АҚШнинг Колумбия университети ўртасида имзоланган меморандум доирасида амалга оширилмоқда.



850
А.МУСАЕВ, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА