Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 17:53 Чоп этиш версияси

Ижтимоий ҳамкорлик самаралари

Навоийда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий-гуманитар соҳалардаги долзарб вазифаларни ҳал этишда давлат бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси фаолиятини такомиллаштириш, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди грант танловларида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар самаралари таҳлил қилинди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, ижтимоий шериклик самарадорлигини тубдан юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

2017 йилда жамоат фонди томонидан ўтказилган грант танловида ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларига сертификатлар топширилди.

– Танловда “Эътибор ва ғамхўрлик” деб номланган лойиҳамиз билан иштирок этиб, давлат грантига сазовор бўлдик, – дейди Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Учқудуқ тумани бўлими ижрочи директори Бахтигул Ўтепова. – Лойиҳа туман аҳолиси, айниқса, чекка овулларда яшовчи ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни самарали амалга оширишда давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини юксалтириш, ижтимоий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Эълон қилинган навбатдаги грант танловларида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 330






Все о погоде - Pogoda.uz