Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 16:25 Чоп этиш версияси

Ижодий изланишга ундаётган танлов

Миллий матбуот марказида журналистика соҳасида XII "Олтин қалам" Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Г.Бобожонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори А.Тўраев, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори А.Абдуллаев ва бошқалар мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш доимий эътиборда эканини таъкидлади.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган "Олтин қалам" Миллий мукофоти учун халқаро танлов медиа соҳа вакилларининг ижодий изланишида, ташаббускорлиги ошишида муҳим омил бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизнинг орзу-умидларига кўмакдош бўлиш, жамият ҳаётида кечаётган ислоҳотларни янги, юқори босқичга олиб чиқиш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар оммавий ахборот воситалари ходимларидан воқеликка чуқур танқидий-таҳлилий ёндашишни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган "Олтин қалам" танлови соҳа ходимларининг фаол фуқаролик позициясини янада кучайтириш, касб маҳоратини ошириш, ўз фаолиятида янгича ёндашувни шакллантиришда муайян даражада рағбат вазифасини ўтамоқда.

Бу йилги танлов ҳам телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилиб, унда битта бош мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда "Энг яхши фоторепортаж" ва "Энг яхши матбуот хизмати" рағбатлантирувчи номинациялари таъсис этилган. Бу йил яна иккита рағбатлантирувчи номинация, яъни "ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун" ва "Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун" номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

Танловни ўтказиш жараёнида таниқли журналист ва эскпертлардан иборат ҳайъат шакллантирилади.

Танлов доирасида Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг мукофотлари таъсис этилган. Анъанага кўра БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, ЮСАИДнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, Словениянинг "Минтақавий мулоқот", Германия Халқ университетлари ассоциацияси каби халқаро ташкилотлар ҳам "Олтин қалам" танловида ўз мукофотлари билан қатнашади.

Танлов ғолиблари 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида тақдирланади. Ушбу ижодий лойиҳани ўтказиш билан боғлиқ барча сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 169






Все о погоде - Pogoda.uz