ЎзА Ўзбек

12.09.2018 10:48 Чоп этиш версияси

Ижарада яшаган аёл уй жиҳозларини ўғирлаб кетди

Ижарада яшаган аёл уй жиҳозларини ўғирлаб кетди

Халқимизда “Эгилган бошни қилич кесмайди” деган мақол бор. Кўп ҳолларда инсоннинг қилган хато ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдиришига халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик билан жавоб қайтарилади.

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида яшовчи ёшликнинг ўйинқароқлик дамларидан ўтган, 37 ёшли Лолабиби Қайсарова (исм-шарифи ўзгартирилган) ўзига билдирилган ана шундай ишончни оқламади.

У 2017 йилнинг январь ойида фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбдор, деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди. Мамлакатимиздаги инсонпарварлик, кечиримлилик тамойили асосида бу аёлга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 2017 йилнинг июль ойида ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Лолабиби Қайсарова жорий йилнинг июль ойида Урганч шаҳридаги уйлардан бирини ижарага олиб яшай бошлайди. Уйнинг бир хонасида хонадон эгасининг буюмлари сақланаётгани боис ўша эшикка қулф ўрнатилади. Лекин Қайсарова орадан кўп ўтмай, берк хонанинг қулфини бузади. У ерда сақланаётган умумий қиймати 2 миллион 130 минг сўм бўлган газ плитаси ва 4 та гиламни ўғирлаб кетади.

Кунларнинг бирида ижарада яшовчининг ҳолидан хабар олиш учун келган хонадон эгаси уйдаги тартибсизлик ҳамда ўзига тегишли жиҳозларининг йўқлигини кўриб, ички ишлар идорасига мурожаат қилади. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Лолабиби Қайсарова кирдикорлари фош этилади. Ўғирлаб кетилган буюмлар эгасига қайтарилади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

А.Шокиров, ЎзА
4 948