ЎзА Ўзбек

01.05.2019 15:48 Чоп этиш версияси

Италия ва Франция меҳмонхоналарида ўзбек нонуштаси жорий этилади

Италия ва Франция меҳмонхоналарида ўзбек нонуштаси жорий этилади

Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси Италиянинг “Ipseoa Tor Carbone” институти билан меморандум имзолади.

Унга кўра, ўзбек гастрономик брендларини Италиянинг Рим шаҳрида тақдимот қилиш ҳамда мазкур институтнинг ишончли ҳамкорларидан саналган Франция ошпазлар ассоциацияси кўмагида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилди.

– Келгусида гастрономик туризм соҳаси бўйича икки томонлама диплом берувчи малака ошириш курслари ташкил этилади, –дейди Италиянинг “Ipseoa tor Carbone” институти вакили Кристина Тонелли.– Бунинг учун ҳамкорликда ўқув ва илмий адабиётлар тайёрлаб, чоп этамиз. Гастрономик хизмат соҳасида талабалар алмашинуви йўлга қўйилади. Ўзбек таомлари ўзига хос мазаси ва таъми билан дунёнинг кўплаб халқларига манзур экани, сир эмас. Шундай экан, энг катта режамиз Италия ва Франция меҳмонхоналарида ўзбек нонуштасини жорий этиш ҳамда Париж шаҳрида ўзбек гастрономик брендлари тақдимотини ўтказиш.

Дарҳақиқат, Европада Ўзбекистонга гастрономик туризм мақсадида ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йил сайин ошмоқда. Бу эса бой тарихга эга қадимий ўзбек ошхонаси брендларини Европа стандартларига мос равишда сайёҳларга тақдим этишга ҳам боғлиқ.

Қайд этиш жоизки, мазкур институт Рим шаҳрида жойлашган бўлиб, маданият ва туризм соҳасига мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган. Институт хорижий мамлакатларда, айниқса Франция ва Буюк Британиянинг ресторанлари ва меҳмонхоналарида “ҳафталик” гастрономик туризм бўйича тадбирларни ўтказиш ҳамда хорижий тилларда миллий таомларни ўрганиш билан машҳурликка эришган.

ЎзА
2 143