Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 16:54 Чоп этиш версияси

Истиқболли лойиҳалар тараққиётга хизмат қилади

Тошкент давлат аграр университетида Европанинг етакчи олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасалари ва тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда Европа иттифоқининг Tempus дастури доирасида Uzhealth лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тошкент давлат аграр университети ректори Б.Сулаймонов ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган мазкур лойиҳа улкан самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

Европа иттифоқининг Tempus дастури доирасида 2013 йилдан буён Uzhealth лойиҳаси ташкил этилиб, у юртимиздаги олий таълим муассасаларининг саломатлик, соғлиқни сақлаш, ветеринария, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология йўналишларини такомиллаштиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Натижада мамлакатимиз ёшлари хориждаги нуфузли таълим даргоҳларида билимини ошириш имкониятига эга бўлмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида Европанинг тўртта етакчи таълим муассасаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ва ўнта энг нуфузли олий таълим муассасалари талаба ва профессор-ўқитувчилари ўртасидаги ҳамкорлик самарали йўлга қўйилган.

– Мазкур лойиҳа мамлакатимизда олий таълим тизимини янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини юксалтиришда муҳимдир, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Санжар Одилов. – Талабаларимиз ва ўқитувчиларимиз хориждаги ҳамкор таълим даргоҳларида ўз билимини мустаҳкамлаш, малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.

– Мен мазкур лойиҳа доирасида Европада ташкил этилган уч ойлик ўқув курсида иштирок этдим, – дейди Бухоро давлат университети биология кафедраси ўқитувчиси Шаҳноза Шаропова. – Инсон саломатлигига таъсир кўрсатаётган бир қанча омиллар, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги, атроф-муҳит тозалиги каби долзарб масалаларни ҳал қилиш борасидаги машғулотларда қатнашдим.

Тадбирда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, малакали кадрларни етиштириш тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
952






Все о погоде - Pogoda.uz