Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2017 17:12 Чоп этиш версияси

"Истиқбол" ёшлар қаноти фаолияти танқидий таҳлил қилинди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистан Халқ демократик партияси марказий кенгаши Президентимизнинг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқидан келиб чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали амалга оширишда партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган давра суҳбати ташкил қилди.

Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ва "Истиқбол" ёшлар қаноти фаоллари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ногиронлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари, Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, турли соҳаларда фаолият юритаётган ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари У.Вафоев ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани, 30 июнь Ёшлар куни, деб эълон қилингани ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг, уларни қўллаб-қувватлашнинг, ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишнинг амалдаги ифодаси эканини таъкидлади.

Президентимиз ёшлар қурултойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи олдига қўйган долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бергани сиёсий партиялар зиммасига ҳам муҳим вазифалар юкламоқда. Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Президентимизнинг мазкур тарихий маърузаси мазмун-моҳиятини партия фаоллари, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, партия электорати бўлган жисмоний имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни жамиятнинг фаол ёшлари сафига қўшишда кўмаклашиш, уюшмаган ёшларнинг сиёсий-ижтимоий фаоллигини оширишдан иборат.

Тадбирда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни катта мақсадлар сари сафарбар этиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича партия ташкилотларидаги "Истиқбол" ёшлар қаноти масалага кенгроқ ёндашиши кераклиги таъкидланди. Бу борада жойларда олиб борилаётган ишларни аниқ мақсадга йўналтириш, ўтказилаётган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш, ёшлар муаммоларини чуқур ўрганиш ва уларни ҳал қилишга амалий ёрдам кўрсатиш лозимлиги айтиб ўтилди.

– Давлатимиз раҳбарининг ёшларга қарата билдирган ишонч ва қатъият бағишловчи фикрлари биз, ёшларни руҳлантириб юборди, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг «Ёш сиёсатчилар» клуби фаоли Хонзода Холматова. – Президентимиз ёшларга кенг имкониятлар бериш билан бирга, ҳар бир ёш авлод мана шу эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлиб, эл-юрт олдидаги бурчини бажариши лозимлигини таъкидлади. Бу ишончни оқлаш, мамлакатимиздаги ислоҳотларда фаол иштирок этиш доимий бурчимиздир.

Тадбирда партия тизимида ёшлар масаласида олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 549






Все о погоде - Pogoda.uz