Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 16:10 Чоп этиш версияси

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссия аниқланмоқда

Пойтахтимизда илк маротаба Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида «Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссияси» республика кўрик-танлови бўлиб ўтмоқда.

Аҳоли ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, бу соҳада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш, жумладан «Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия»ни фаоллаштириш зарурияти пайдо бўлди.

Федерация ташаббуси билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамкорлигида мазкур комиссиялар фаолиятини янада ривожлантириш, комиссия вакиллари ҳамда аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш, инсон соғлиғи, ҳаёти учун хавф туғдирувчи сифатсиз товар ва хизматларнинг ички истеъмол бозорида сотилишининг олдини олиш, ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи)лар масъулиятини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Мазкур кўрик-танлов ҳам бу борада қатъий жамоатчилик назоратини таъминлаш, шунингдек, кўрсатилган хизматлари учун тўлов интизомини мустаҳкамлашга доир ишларни янада фаоллаштириш ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Иштирокчилар мамлакатимизда қабул қилинган соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, хусусан Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунлари ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори борасидаги билим ва тушунчаларини ўз фаолиятлари мисолида альбом, саҳна кўриниши ва ижодий топшириқларни бажариш орқали намойиш қилмоқдалар.

Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шарт бўйича иштирокчилар чиқишларини мунтазам баҳолаб бормоқда. Якунда 28 қатнашчи орасидан энг намунали уч нафар МФЙнинг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси аниқланади.

Шунигдек, «Ҳудудда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини таъминлашда энг фаол комиссия», «Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда энг яхши натижаларга эришган комиссия», «Ҳудудда коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши ишларида фаол комиссия» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
5 798