Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 09:20 Чоп этиш версияси

Истеъмолчи – ҳамиша ҳақ!

Термизда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилояти ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилари, фаол ёшлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов ва бошқалар мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунга мувофиқ амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ёш авлоднинг истеъмол маданиятини юксалтириб, уларнинг ҳуқуқий билимини оширишга, муаммоларини биргаликда ечишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Ёш истеъмолчилар дуч келаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг ечими изланди. Ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

– Ўз ҳуқуқини яхши билган истеъмолчи маданиятли ва ҳамиша ҳақ бўлади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Термиз шаҳар бўлими раҳбари У.Қулмаматов. – Қизиқарли савол-жавобларга бой бўлган ушбу тадбирда ёшларимиз савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда дуч келган муаммолар тингланиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилгани, истеъмолчилар ҳуқуқи ва истеъмолчи маданияти юзасидан атрофлича фикр алмашилгани айни муддао бўлди.

Лойиҳа доирасида Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйида ҳам худди шундай учрашув ўтказилди. Тадбир якунида Меҳрибонлик уйи кутубхонасига Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан китоблар совға қилинди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
8 912