Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.11.2017 19:04 Чоп этиш версияси

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида учрашув

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Япониянинг «Сока Гаккай» ташкилоти вице-президенти Кендзи Йосиго бошчилигидаги делегация аъзолари билан маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот олдидан Япония делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди, мустақиллигимиз асосчиси ва буюк давлат арбобининг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Учрашувда меҳмонларга мамлакатимизда Ислом Каримовнинг ҳаёти, кўп қиррали фаолияти ва меросини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг бу борадаги вазифалари хусусида маълумот берилди.

Ўз навбатида, меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг, айниқса, Ўзбекистон таълим тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар, ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда униб-ўсиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш борасидаги ишларга бевосита раҳбарлик қилганини алоҳида таъкидлади.

Иқтисодиёт, фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Ислом Каримов хорижий давлатларнинг қатор университетлари, жумладан, 2002 йилда Сока университетининг фахрий доктори этиб сайланган.

Сока университети Япониядаги нуфузли таълим даргоҳларидан. Университетнинг марказий хиёбонида Алишер Навоий ёдгорлиги ўрнатилган. Ўзбек мумтоз адабиётининг буюк вакили таваллуд айёми арафасида ҳайкал пойи гуллар билан тўлиб кетади. Бугун Алишер Навоийнинг бой меросини япон талабалари ҳам зўр иштиёқ билан ўрганмоқда.

– Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлганимиз ташриф давомидаги энг ёрқин воқеа бўлди, – дейди Япониянинг «Сока Гаккай» ташкилоти вице-президенти Кендзи Йосиго. – Ўз мамлакатини мустақил ва демократик давлатга айлантирган, таълим, фан ва маданиятни ривожлантиришда беқиёс ишларни амалга оширган бундай инсонни хотирлаш биз учун шарафдир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Т.Каримова, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
2 626






Все о погоде - Pogoda.uz