Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.09.2017 17:23 Чоп этиш версияси

Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдон юртдошларимиз ҳамда хорижлик меҳмонлар билан гавжум

Самарқанд шаҳрида 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг ҳайкали тантанали равишда очилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши ва нутқ сўзлаши барча самарқандликларни тўлқинлантириб юборди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Биринчи Президентимиз бутун Ўзбекистонимиз каби, унинг бебаҳо гавҳари бўлган Самарқанд заминини фарзандлик меҳри билан чин дилдан севар эди. Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бирига, ҳақиқатан ҳам ер юзининг сайқалига айлантириш йўлида улкан ишларни амалга оширди.

– Қарийб уч минг йиллик тарихга эга Самарқанд ўз ўтмиши давомида кўп воқеаларга гувоҳ бўлган, вайронагарчилик ва бунёдкорликларни бошдан кечирган, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. – Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд нафақат қудратли давлат пойтахти, балки илм-фан ва маданият маркази сифатида дунё миқёсида довруқ қозонди. Темурийлардан сўнг бу шаҳар бошига яна кўп кулфатлар тушган бўлса-да, орадан олти аср ўтиб шу заминнинг асл фарзанди, буюк бунёдкор Ислом Каримов Самарқанднинг шуҳратини оламга ёйди. Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ шаҳарда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошланди. Бу саъй-ҳаракатлар аввало, собиқ тузум даврида халқимиз қалбидан хотирасини ўчиришга уринилган Соҳибқирон Амир Темур номини улуғлаш, буюк аждодимиз хотирасини унинг шаъну шавкатига муносиб тарзда ўз ўрнига қўйиш билан бошланди. Одамлар кўзидан яшириш мақсадида турли бино ва иншоотлар орасида қолиб кетган Амир Темур мақабараси атрофи обод қилиниб, кўркам хиёбон ташкил этилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ғоя ва ташаббуслари асосида Соҳибқирон бобомизнинг улуғвор сиймоси акс этган ҳайкали ўзи бунёд этган обидаларга мамнун боқиб тургандек ўрнатилди. Улуғ Юртбошимиз Регистон майдони атрофи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Имом Мотуридий, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари ва шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлди. Бугун Регистон майдони ёнида у кишига ўрнатилган ҳайкалга қараб, Ислом Каримов ҳам ўз она шаҳрини янада обод қилиб, бағрикенг ва бунёдкор халқимизга буюк келажакни барпо этишда руҳий мадад бериб тургандек туюлди назаримда.

Буюк Йўлбошчимиз сиймоси акс этган ҳайкал ўрнатилганидан буён бу ер юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар билан янада гавжум. Улар Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, улуғ инсон хотирасига ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқда.

– Кеча телевизорда Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали очилиш маросимини кўриб, ушбу масканни зиёрат қилиш, Биринчи Президентимизни ёд этиш учун келдик, – дейди Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида яшовчи Холбой Мардаев. – Дунёга машҳур Регистон майдонига муносиб, улуғвор ҳайкал бўлибди. Буюк Юртбошимиз ҳайкали пойи гулларга тўлиб кетгани, бу ердан кишилар қадами узилмаётгани халқимизнинг у кишига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, хотирасига юксак ҳурмат-эҳтироми ифодасидир. Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин бугунги ва келажак авлодлар Ислом Каримовни Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатнинг асосчиси, узоқни кўра олган доно сиёсатчи сифатида ёд этади.

– Ҳайкалнинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз – ҳаммамиз, эгаллаб турган вазифамиз, касбимиздан қатъи назар, ўзимиз фаолият кўрсатаётган соҳада Ватанимизга, халқимизга, Биринчи Президентимизга доимо муносиб бўлишимиз керак, деб таъкидладилар, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши фаоли Фарангиз Худоёрова. – Бу фикрлар, айниқса, биз, ёшлар зиммасига жуда катта масъулият юклади. Чунки, Биринчи Президентимиз бизни фарзандларим, дер эдилар, бизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб, маррани баланд олиб яшашга даъват этардилар. Фарзандлар ота-оналари ишончини оқлаш, улар шаънини ҳимоя қилишга интилгани каби биз ҳам Ислом Каримов фарзандлари деган номга муносиб бўлишимиз, у киши бошлаган ишларни давом эттиришимиз ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ишончини оқлашимиз лозим.

Ҳайкал ўрнатилган майдонга Самарқанд шаҳридаги таълим муассасалари ўқувчилари, талабаларнинг саёҳати уюштирилиб, Биринчи Президентимизнинг ибратли ҳаёти, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги жўшқин фаолияти ҳақида ҳикоя қилиб берилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 353






Все о погоде - Pogoda.uz