Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 20:15 Чоп этиш версияси

Ислом дини тинчлик ва эзгуликка хизмат қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи кўп қиррали мазмундорлиги билан халқаро аҳамият касб этди.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида давлатимиз раҳбарининг нутқида алоҳида мавзу бўлган, катта қизиқиш билан кутиб олинган диний-ахлоқий, маънавий-маърифий, тинчлик бобидаги фикрлар муҳокамалар мавзуси бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа диний ташкилотлар вакиллари, диний таълимга ихтисослашган олий ўқув юртлари ўқитувчилари, талабалар, маҳалла фаоллари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда диний бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик руҳида амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликлиги, бу борада янги босқичда давом этаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил эканини алоҳида қайд этди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев фуқаролар дарду ташвишларини енгиллатиш, хоҳиш-истакларини таъминлаш, нафақат моддий, балки маънавий эҳтиёжларини рўёбга чиқариш борасида алоҳида аҳамиятга молик ишларни амалга оширмоқда, – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. – Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини дунё жамоатчилигига етказди, унинг бағрикенглик, тинчлик ва тараққийпарвар жиҳатлари ҳақида гапирди, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғоясини илгари сурди. Бу, албатта, дунёда Ўзбекистоннинг дўстлари янада кўпайишига туртки бўлди.

Дарҳақиқат, таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, пойтахтимизда барпо қилинаётган Ислом цивилизацияси марказида академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилади. Мазкур марказни буюк мутафаккир ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш кўзда тутилган.

Мамлакатимизда мавжуд масжидларни реконструкция қилиш, илмий-бадиий китобларни чоп этиш, диний йўналишдаги олий таълим муассасаларига қабул квоталарини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқини алоҳида қизиқиш билан кузатдик, – дейди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, митрополит Викентий. – Ўзбекистонда виждон эркинлиги кафолатланган. Бу кундалик юмушларимизда ўз аксини топмоқда. Фикримга ёрқин мисол. Яқиндагина Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл Ўзбекистонда бўлиб, миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ҳамда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди. У Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида халқимиз билан мулоқотлар чоғида мамлакатимизда бағрикенглик ва меҳмондўстлик муносабатларини бевосита ҳис қилди. Тараққиёт мезонлари ана шундай самимий муносабатлар билан юксалишини эътироф этди.

Халқаро пресс-клуб сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё ва бутун дунёда ҳамжиҳатликка эришиш, тинчликни сақлаш йўлида муҳим дастуриламал бўлиши алоҳида эътироф этилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
6 151






Все о погоде - Pogoda.uz