Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 19:17 Чоп этиш версияси

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган муфтийлар ҳақида ҳикоя қилувчи китоб чоп этилди

Ислом динининг асл моҳиятини сақлаш ва тарғиб қилишда мўътабар алломалар, буюк тарихий сиймолар ибратини эслаш ва улардан ўрнак олиш муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти нафақат аждодларимизнинг улкан маънавий меъросини бутун жаҳонда янада кенгроқ эътироф этилишига, балки жамиятимизда янги маънавий муҳит яратилиши учун ҳам мустаҳкам замин яратади.

Асрлар бўйи маънавият оламида машҳур бўлган Бобохоновлар ҳақиқат ва тўғриликни, маънавий поклик ва эзгуликни, инсоний хислатларни моддий бойликлардан устун қўйганлиги билан ибратлидир. Айниқса бу сулоланинг охирги уч авлод вакиллари узоқ йиллар давомида ислом таълимотининг асл моҳиятини тарғиб этиш, эътиқодни сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида олиб борган фаолиятлари самарали бўлган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида яқинда Тошкент шаҳридаги «Baktria press» нашриётида «Улуғ инсонлар маънавияти» деб номланган китоб чоп этилди.

Саидмухтор Саидқосимов муаллифлигидаги ушбу публицистик очеркда Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган муфтийлар – Эшон Бобохон, Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳамда арабшунос ва исломшунос олим Шамсиддин Бобохоновнинг сермазмун ҳаёти, серқирра ижоди, кенг илмий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

Қизиқарли хотиралар асосида ёзилган ушбу асар ўзларининг миллатимиз маънавий поклигини, муқаддас динимиз софлигини сақлаш йўлидаги беқиёс хизматлари билан халқимиз хотирасида ўчмас из қолдирган инсонларнинг ибратли ҳаётлари таҳлилига бағишлангани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 899






Все о погоде - Pogoda.uz