Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 16:05 Чоп этиш версияси

Искандар Зулқарнайн Сурхондарёда кўприк қурганми?

Искандар Зулқарнайн Сурхондарёда кўприк қурганми?
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги катта сой устида қадимги ғиштдан қурилган кўприк сақланиб қолган. Уни маҳаллий аҳоли Македон (Александр Македонский) кўприги, деб атайди.

Йўловчи, транспорт ва сув ўтиши учун мўлжалланган бу иншоот ўтмишдаги аждодларимиз меъморчилик санъатининг ноёб дурдонаси сифатида нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келади. Кенг ва баланд кўприк пишиқ ғиштдан юксак маҳорат ва дид билан барпо этилган.

2.jpg

Ана шундай ҳайратомуз йирик иншоотни ҳақиқатан ҳам Александр Македонский қурганми?

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Искандар (Александр Македонский) эрамиздан аввалги 327 йилда Термиз шаҳрини босиб олади ва унга Александрия номини беради. Хуллас, ёдгорликнинг қисқача тарихи битилган лавҳага ёзиб қўйилганидек, уни Александр Македонский номи билан атасалар-да, лекин кўприкнинг Искандар Зулқарнайнга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аниқроғи, ноёб ва мустаҳкам ушбу иншоот XVI асрда Абдуллахон даврида барпо этилган. Катта сув оқимига эга бўлган Бандихонсойда қад ростлаган бу иншоот бир пайтлар қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этган. Уни бунёд этишда пишган ғишт, алебастр, оҳак, қум каби қурилиш материалларидан фойдаланилган.

5.jpg

Жорий йилда кўприк тўлиқ реставрация қилиниб, асл қиёфасини қайта тиклайди. Юртимиздаги бундай ноёб иншоотлар таъриф-тавсифини кўп эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал. Мабодо, Сурхондарё тарафларга йўлингиз тушиб қолса, бир неча аср аввал аждодларимиз барпо этган тарихий обидани албатта бориб кўринг. Уларнинг ақл-заковатидан завқ олиб, юксак меъморчилик санъатига ўзингиз баҳо беринг.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
7 932