ЎзА Ўзбек

06.03.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Ишончимни оқлаган ўғлим билан фахрланаман!

Ишончимни оқлаган ўғлим билан фахрланаман! Мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган бухоролик аскар йигитларнинг навбатдаги гуруҳи Когон шаҳридаги Бухоро темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ходимлари, ота-оналар иштирок этди.

Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида унинг профессионал салоҳияти ошиб бораётгани, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда миллий армиямиз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир йигитларни саралаш тизими яратилгани таъкидланди.

5.JPG

Ота-она учун фарзандининг Ватан олдидаги муқаддас бурчини шараф билан адо этиши қувончли, албатта.

– Бир йил илгари ўғлим Дилшоджонни орзулар билан армияга кузатган эдик, – дейди Ромитан туманилик Д.Мажидова. – Бугун фарзандим ишончимизни оқлаб, бағримизга қайтди. Бу оиламиз учун ниҳоятда қувончли воқеа. Ўтган даврда ўғлим анча улғайибди, фикрлаши ҳам жиддий.

Юртимизда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида. Уларга берилаётган имтиёзлар доираси кенгайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сонли қарорига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қарори аскар йигитлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.

7.JPG

– Мен ҳарбий хизматдан илгари Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ўқишга кириш учун ҳужжатларимни топширган эдим, – дейди Шофиркон туманилик Бекмирзо Мавлонов. – Аммо тест синовларида етарли балл тўплай олмадим. Муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаганим ва жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик, мантиқий фикрлаш ҳамда физика ва математика фанлари бўйича ўтказилган тест синовларида яхши натижаларга эришганим учун менга ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси берилди. Унга кўра, олий ўқув юртига киришда тўплаган баллимнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча баллга эга бўламан. Бу олий ўқув юртига киришимда яхши имкониятдир.

Эътиборлиси шундаки, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларнинг қайси бири билан суҳбатлашманг, улар ўз олдига аниқ мақсад қўйганлиги, юртга хизмат қилиш, жамиятда муносиб ўрин топишга аҳд қилганини фахрланиб айтади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
10 665