ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Қишлоқда “Электрон поликлиника” тизими йўлга қўйилмоқда

Қишлоқда “Электрон поликлиника” тизими йўлга қўйилмоқда

Тиббиёт ва инновация 

Бугун қулоғимизга “Электрон поликлиника” деган янги атама тез-тез чалинаётгани бежиз эмас.

Қайд этилишича, мазкур тизим поликлиникаларда автоматлаштирилган электрон амбулатор картани юритиш, аҳолига эса онлайн усулда, яъни уйдан чиқмасдан яшаш жойи бўйича оилавий поликлиника шифокори қабулига ёзилиш, фуқарога қулай вақтда тиббий хизмат олиш имконини бериши билан афзалдир.

– Солиқ тизимида солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) тушунчасини бугун ҳамма яхши билади, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерали Нурматов. – Бу тизим кундалик ҳаётимизда қанча қулайликлар яратгани барчамизга аён. Жорий этилаётган “Электрон поликлиника” тизими орқали ҳар бир фуқаро саломатлигига доир барча маълумотлар ягона электрон базага жамланади.

Айтайлик, фуқаронинг қон гуруҳи, ёшлигида қандай касаллик билан оғригани, нимага аллергияси борлиги, аввал қандай муолажалар олгани сингари барча маълумотлар бу базада акс этиб туради. Поликлиника шифокори бемор ҳузурига келгунига қадар у хусусида маълумотларга эга бўлади. Бу, биринчи навбатда, тизимда кўпчиликнинг вақтини оладиган ортиқча қоғозбозликка барҳам беради. Вақт тежалади, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошади. Мазкур тизимни йўлга қўйиш мақсадида тиббиёт муассасаларини ахборот технологиялари билан таъминлаш, интернет сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Келгусида тиббий электрон тизимдаги рақамимиз ҳам СТИР сингари кундалик ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олиши ва энг муҳими, улкан қулайликлар яратиши шубҳасиз.

Айни пайтда тизимда намунавий ҳудудлар ҳисобланадиган Қарши шаҳри ва Китоб туманида бу борада дастлабки қадамлар ташланди. Шунингдек, яна бир эътиборли жиҳат, қишлоқда – Қарши туманидаги Омонтепа маҳалласи ҳудудида жойлашган 52-оилавий поликлиникада ҳам мазкур тизимни жорий этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

– Янгиланаётган давр тиббий хизматни ҳам янгича талаблар асосида ташкил этишни талаб этади, – дейди мазкур муассаса бош шифокори Дилфуза Жўраева. – Энг аввало поликлиникамиз биноси мазкур талаблар асосида қайта таъмирланиб, зарур ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа замонавий жиҳозлар, ускуналар билан таъминланди. Ходимларимизнинг АКТ саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратдик. Айни пайтда ҳудудимиздаги аҳоли вакилларининг тиббий маълумотлари электрон базасини такомиллаштириш устида ишлаяпмиз.

Омонтепа, Қовчин, Янги ҳаёт, Ширкент маҳаллаларида истиқомат қиладиган 16 минг 580 аҳолини қамраб оладиган бундай базани яратиш осон иш эмас. Поликлиника ходимлари бу ишга масъулият билан ёндашмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур оилавий поликлиникада тез тиббий ёрдам бўлими, аёллар маслаҳатхонаси, ўсмир қизлар саломатлик хонаси, фундаментал диагностика бўлими, кундузги бўлим, ижтимоий дорихона, шунингдек, гинеколог, хирург, стоматолог сингари тор соҳа мутахассислари самарали фаолият кўрсатмоқда.

496
Ўлмас БАРОТОВ, ЎзА