ЎзА Ўзбек

10.09.2018 19:05 Чоп этиш версияси

Ишлайдиган давримиз келди

Муносабат

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тизимни бошқаришнинг самарали механизмларини амалиётга жорий этиш, ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга хизмат қилади. Шунингдек, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллашга кўмаклашади.

Мазкур фармон таълим муассасалари ходимлари зиммасига ортиқча вазифаларни юклаш, касбий фаолиятга асоссиз аралашув, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни ортиқча текшириш каби самарасиз механизмга барҳам беради. 

Эндиликда муваффақиятли фаолият юритаётган мактаблар негизида тармоқли мактабларни ташкил этиш, ушбу тармоққа паст коэффициентли мактабларни киритиш борасидаги ҳаракатлар биз, раҳбарларнинг масъулиятимизни ҳам оширади. Педагогларнинг ўзига бўлган талабини кучайтиради. Энг сара, билимли, салоҳиятли кадрларни соҳага жалб этиш механизми ишга тушади. Бу эса фарзандларимизнинг яхши таълим-тарбия олиши, билимларини мустаҳкамлашида муҳим аҳамият касб этади.

2019 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича тузилган рейтинг натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади. Бу рейтингни кўтаришга бўлган интилиш таълим сифатининг ошишида муҳим омил бўлади.

Таълим тизимида кадрлар масаласи оғриқли нуқтага айланиб бораётган эди. Махсус сиртқи таълимининг қайта очилгани, умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга, уларнинг таълим муассасасидаги фаолияти асосий иш жойи ҳисобланган тақдирда, пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши ҳақидаги имтиёзлар тизимдаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади.

2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига ўқувчиларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади. Бу очиқлик, ошкораликни таъминлаш баробарида, коррупциянинг олдини олади.

Халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар чекка ҳудудларда фаолият юритаётган мактабларда ҳам кенг имкониятлар яратади.

Айни вақтда мактабимизда "Обод маҳалла" дастури ижроси доирасида таъмирлаш ишлари якунига етай деб қолди. Бунга икки миллиард сўм маблағ сарфланмоқда. Шу жараёнда умумтаълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари, ёнғинга қарши сигнализация тизимини ишга тушириш, кириш йўлларида қоидабузарликларни қайд этувчи қурилмаларни ўрнатиш каби чора-тадбирларни амалга оширишга ҳам эътибор қаратмоқдамиз.

Келгусида экологик жиҳатдан тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида замонавий мактаблар қуриш ҳақидаги лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши, аввало, ота-оналарни, биз, педагогларни жуда қувонтирди.

Тез орада мактаблар, ўқув синфлари ичини янги қулай мебеллар, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, дарсликлар, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникаси, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Ўқув режалари ва дастурларини муқобиллаштириш, инновацион, масофавий педагогик усуллардан кенг фойдаланиш, ушбу жараённинг самарадорлигини ошириш мақсадида умумтаълим муассасаларининг раҳбар ва педагогик ходимлари малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар фарзандларимиз камоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш, юксак салоҳиятли кадрларни соҳага жалб этиш, ҳуқуқий асослар орқали соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган. Шундай экан, мазкур ислоҳотлар жараёнида фаол бўлиш, масъулият билан ёндашишни педагоглик бурчимиз, асосий вазифамиз, деб биламиз.

Муҳтарам ЯКУБОВА,
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек
туманидаги 256-умумтаълим
мактаби директори.

ЎзА
5 145