ЎзА Ўзбек

08.06.2018 19:26 Чоп этиш версияси

“Ишбилармон аёл – 2018” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди

“Ишбилармон аёл – 2018” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, фермер ва тадбиркор аёллар сафини янада кенгайтириш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий сектор тараққиётида хотин-қизларнинг фаол иштирокини кенгайтиришга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган танловда 11 нафар фаол ишбилармон ва тадбиркор хотин-қиз иштирок этди.

Дастлаб, вилоят ахборот-кутубхона марказида иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қандолат маҳсулотлари, аёллар, келинлар ва болалар либослари, зардўзлик, ҳунармандлик ва заргарлик буюмлари кўргазмаси намойиш этилди.

– Хотин-қизларимизни қанча кўп тадбиркорликка йўналтирсак, шунча кўп янги иш ўринлари яратилиб, уларнинг бандлиги таъминланади, – дейди ЎзЛиДеП Сирдарё вилояти кенгаши бўлим бошлиғи С.Бобоева. – Бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган 2 мингга яқин тадбиркор хотин-қиз партиямизнинг доимий эътиборида.

Ҳакамлар ҳайъати танлов иштирокчиларининг инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдаги фаоллиги, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратгани, экспортбоп ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқараётгани каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.

Боёвут туманидан якка тартибдаги тадбиркор Моҳинур Орзиқулованинг фаолияти эътироф этилиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди. Моҳинур Боёвут енгил саноат касб-ҳунар коллежини битирган 6 нафар қизни иш билан таъминлаган. Унинг раҳбарлигида тайёрланаётган эркаклар, аёллар, болалар ва махсус иш кийимлари, спортчилар либослари вилоятдан ташқари Тошкент, Жиззах, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида ҳам харидоргирлиги билан эътиборга муносиб.

Ширин шаҳридан “Мўътабарбегим либослари” хусусий фирмаси раҳбари Мўътабар Андаева иккинчи, Янгиер шаҳридан якка тартибдаги тадбиркор Соҳиба Ғаффорова ҳамда Сайхунобод туманидан “Дилроз-Дилсўз ҳамкор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилфуза Ортиқова учинчи ўринни эгаллади.

Танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
5 775