ЎзА Ўзбек

06.09.2018 13:18 Чоп этиш версияси

Иш услубининг ўзгартирилгани тараққиёт гарови

Иш услубининг ўзгартирилгани тараққиёт гарови

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мавжуд имкониятларни ишга солиш орқали бўш иш ўринлари яратишга қаратилаётган эътибор яхши самара бермоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишга кўмаклашиш, мулкдорларнинг ўзига тегишли бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш бўйича масъулиятини кучайтириш борасида кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳам кўзга ташланмоқда.

Илгари хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлашда ёндашув ва иш услубининг тубдан ўзгартирилиши бир ярим мингдан ортиқ фаолият кўрсатмаётган, кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш, ўн икки мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш имконини берди.

Аммо ҳали-ҳануз ҳудудлардаги давлатга ва давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарга тегишли бўлган, шунингдек, ажратилган ер участкаларида тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган, собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларини тугатиш даврида сотиб олиниб, фаолият кўрсатмаётган ва самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар сақланиб қолмоқда.

Мазкур ҳолат янги иш ўринлари яратиш имкониятининг йўқотилишига, ишлаб чиқариш қувватларининг маънан эскириши ва жисмонан емирилишига олиб келаётган бўлиб, улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришни талаб этмоқда.

Фаолият кўрсатмаётган ва фойдаланилмасдан турган объектлар мулкдорлари, барча даражадаги раҳбарларнинг мазкур объектлардан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши бўйича масъулиятини кучайтириш, шунингдек, корхоналарни фаол хўжалик фаолиятига жалб этиш, шу асосда янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентнинг жорий йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимли тартибга солиш ва такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қарорда илгари хусусийлаштирилган объектларни хўжалик фаолиятига жадал жалб этиш бўйича амалдаги механизм мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва эгаллаган майдон ҳажмидан қатъи назар, барча тоифадаги қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган бинолар, нотурар иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига нисбатан татбиқ этилади. Бу тизим мавжуд имкониятларни доимий ишга солиб боришни йўлга қўяди. Натижада янги иш ўринлари яратиш имкониятлари кенгаяди.

Эндиликда доимий мониторинг натижаларига кўра, тегишли ҳудуддаги фойдаланилмаётган объектлар аниқланиб, уларнинг рўйхати шакллантирилади. Ана шундай объектлар фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича “йўл хариталари” ва инвестиция лойиҳалари мулкдорлар билан бирга ишлаб чиқилади. Аҳамиятлиси шундаки, тасдиқланган “йўл хариталари” ижросини таъминламаётган мулкдорлар, ишга масъулиятсизлик билан ёндашаётганларга қонунчиликда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилади. 

Жорий йилнинг 15 сентябридан бошлаб давлат мулки бўлган, аммо фойдаланилмаётган объектлар сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилади.

Фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш чоралари кўрилади. Мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлаш тизими жорий этилади. Бу эса ҳаракатсиз мулкдорларнинг фаолияти жадаллашишида муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қарор асосида фақатгина мулкдорлар жазоланар эканда, деган фикрга бориш хато. Чунки қонун ҳужжатлари билан тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш вазифаси юкланган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг айбига кўра инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаган мулкдорларга қарши чоралар кўрилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига идоралараро комиссия хулосаси белгиланган тартибда етказилганидан кейинги ойнинг 10 санасига қадар фойдаланилмаётган объектларнинг мулкдорлари – солиқ тўловчилар томонидан тегишли шаклдаги солиқ ҳисоб-китоблари тақдим этилмаган тақдирда идоралараро комиссия хулосаси асосида мол-мулк ва ер солиқларини оширилган ставкалар бўйича ҳисоблаш ва ҳисобланган суммаларни уларнинг шахсий карточкаларига киритиш ҳуқуқи берилади.

Қарорда белгиланган вазифалар яқин бир ойда амалга татбиқ этила бошланади. Бу каби ислоҳотлар масъулиятнинг ошиши, ўз вазифасини астойдил бажарадиган мулкдорлар қатлами шаклланишига олиб келади. Ижобий натижа ва самарага эришиш учун эса қонуний асосларга таянган ҳолда меҳнат қилишимиз муҳимдир.

Музаффар Намозов,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Юристлар малакасини ошириш
маркази тингловчиси

ЎзА
6 151