Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 16:37 Чоп этиш версияси

Инвестициявий муҳитни яхшилаш йўлида

Пойтахтимизда Банк молия академияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамкорлигида “Инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш Ўзбекистонда жадал иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси детутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари, илмий ходим-изланувчилар қатнашди.

Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Ёқубов ва бошқалар Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 12 сентябрдаги Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора–тадбирлари тўғрисидаги қарори мамлакатимизда валютани тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини оширишга замин яратганини таъкидлади.

Тадбирда мамлакатимиз инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, иқтисодиётимизнинг очиқлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтирган ҳолда хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, инвесторларга берилаётган енгилликлар ҳақида сўз юритилди.

Мамлакатимиз иқтисодиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий мутаносибликни таъминламоқда. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар экспорт салоҳиятини юксалтириш, тайёр саноат маҳсулотларини кўпайтириш имконини бермоқда.

Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз маҳсулотларини экспорт қилиш учун Европа, Осиё ва Африка қитъаларида ўнлаб янги экспорт бозорларини очди. Ўтган 2016 йил мамлакатимизда экспорт фаолиятига қарийб 880 янги корхона жалб қилинган. Мутахассисларнинг фикрича, келгусида бу кўрсаткичлар муттасил равишда ортиб бораверади. Чет давлатлар билан савдо-сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар бунга қулай имконият яратади.

Давра суҳбатида банк тизимининг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, янги турдаги суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар ҳисобига капитал ҳажмини кенгайтириш, банклар депозит базасининг капитализациясини чуқурлаштириш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир доирасида Банк молия академияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
3 024






Все о погоде - Pogoda.uz