ЎзА Ўзбек

12.07.2018 20:29 Чоп этиш версияси

Инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқаришнинг очиқ тизими яратилади

Пойтахтимизда давлат ва хўжалик вакиллари, хорижий ҳамда маҳаллий сармоядорлар таклифлари бўйича ягона платформанинг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти кўмагида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус, нодавлат ташкилотлар вакиллари, 250 дан зиёд инвестор ва тадбиркор иштирок этди.

Илк бор ташкил этилган учрашувдан кўзланган мақсад хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг юртимизда мавжуд меҳнат, саноат ва табиий ресурслар, мамлакатимизнинг инвестиция салоҳияти ҳақидаги хабардорлигини оширишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Холмуродов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов ва бошқалар мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, тайёр саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини бераётгани қайд этилди.

Бугун мамлакатимизда хорижий сармоядорлар фаолияти ҳар томонлама рағбатлантирилиб, улар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ягона тизими яратилаётгани тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш имкониятини оширмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 960 дан ортиқ чет эл капитали иштирокидаги корхона ишга туширилгани бунга мисол бўла олади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 3 баробарга кўпдир.

Тадбирда инвестиция лойиҳаларини иқтисодий, молиявий ва технологик асосланган ҳолда ишлаб чиқиш, хорижий консультантларни жалб этган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Бу борадаги таклифларни очиқ, ошкора ва ўз вақтида муҳокама қилиш имконини берадиган механизмларни жорий қилиш масалалари ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, мулоқотнинг бундай шакли соҳада мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга ижобий ечим топишга кенг йўл очади.

– Мамлакатимизда жалб қилинаётган инвестиция лойиҳаларини белгиланган муддатларда амалга ошириш бўйича алоҳида назорат тизими мавжуд, – деди Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Саидислом Аҳмедов. – Бу истиқболли режаларни рўёбга чиқаришда келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни барвақт аниқлаш ва ечим топишга қаратилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан инвестиция лойиҳаларининг ягона портали яратилаётгани бу борадаги ишларнинг амалий ифодасидир. Мазкур тизим орқали фаолиятда шаффофлик таъминланади. Яъни, инвесторлар лойиҳалар бўйича барча маълумотларни, уларнинг қандай босқичда эканини мунтазам равишда кузатиб бориши мумкин. Бугунги муҳокама чоғида айни тизим имкониятларини кенгайтириш ва белгилаб олинган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларини кўриб чиқиш имконига эга бўлдик.

Анжуманда чет эл инвестицияларини жалб қилишга қаратилган давлат сиёсатини ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, бизнесни ташкиллаштириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришнинг жорий ҳолатига оид масалалар ҳам кенг муҳокама қилинди.

– Ўзбекистонда кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб инвесторларнинг мамлакатингизга қизиқиши ортиб бормоқда, – деди Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар. – Бугун туркиялик ишбилармонлар ҳам Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйишдан манфаатдор. Шу маънода, ҳамкорлигимиз истиқболларини белгилаб олишда бу каби учрашувларнинг ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда мамлакатимизнинг саноат ва инвестиция салоҳияти ҳақида кенг маълумот бериш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа иштирокчилар ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ушбу форматдаги учрашувларни ҳар ҳафта ўтказишга келишиб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
7 547