Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.04.2018 15:21 Чоп этиш версияси

Интервенцион кардиология ютуқларидан фойдаланиш янги босқичга кўтарилади

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий андозалар даражасида барпо этилган ва энг сўнгги тиббий технологиялар билан жиҳозланган уч қаватли янги бино фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 – 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда.

Марказдаги 11 махсус кардиологик бўлимда артериал гипертония, ўткир миокард инфаркти, юрак-ишемик касаллиги, юрак аритмиялари, юрак етишмовчилиги каби хасталиклар самарали даволаняпти. Шунингдек, бу ерда кунига 250 қатновга мўлжалланган замонавий маслаҳат-­ташхис поликлиникаси фаолият юритади. Маслаҳат-ташхис поликлиникасида велоэргометрия, ЭКГни сутка давомида ёзиб олиш, ЭХОкардиография каби замонавий текшириш усулларидан ва биохимёвий таҳлиллардан фойдаланилиб, чуқур тиббий текширувлар ўтказилади. Марказда 200 ўринли шифохона ҳам мавжуд.

Замонавий андозалар асосида барпо этилган янги бинонинг фойдаланишга топширилиши кардиология соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга замин ҳозирлади. Хусусан, беморларни клиник ва функционал текширувдан ўтказиш учун халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган замонавий тизим яратилди. Эндиликда беморлар битта бинонинг ичида барча текширувлардан ўтади. Функционал диагностика бўлимида ЭКГ, ЭХОКГ, ВЭМ, Тредмил тест, ХМЭКГ каби текширувлар, шунингдек, рентген, генетик таҳлил ўтказиш, амбулатор текширувлар хонаси ва маъмурий хоналар ташкил этилди. Иккинчи қаватда эса 20 ўринга мўлжалланган интервенцион аритмология бўлими, барча қулайликларга эга замонавий рентген операцион блок яратилди. Учинчи қаватда 20 ўринли интервенцион кардиология ва рентген эндоваскуляр жарроҳлик бўлими жойлашган бўлиб, ушбу операция хоналарида жаҳон тиббиётида қўлланилаётган интервенцион жарроҳлик амалиётларининг барчасини амалга ошириш мумкин.

Мазкур янги бино қурилиши учун давлатимиз томонидан 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бинога ўрнатилган хориждан келтирилган “CIAT” вентиляция системаси ҳароратни қишин-ёзин бир хилда сақлаш ва доимий тоза ҳаво билан таъминлаш имконини беради.

Германиянинг KFW банки томонидан Республика тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун ажратилган кредит маблағларидан 3,5 миллион евро ҳисобига рентген эндоваскуляр жарроҳлик бўлимига Голландиянинг “Philips Allura Xper FD20” фирмасининг замонавий универсал ангиография ускунаси, электрофизиологик текширувлар учун “BARD” системаси, ҳаракатланувчи ангиография ускунаси, радиочастотали генератор ва бошқа юқори технологияли услубларга асосланган замонавий аппаратлар ўрнатилди.

Бинода, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг кардиология кафедраси ўқув хоналари, мажлислар зали, кутубхона, кардиология музейи, маърифат ва тарғибот хоналари ҳам ташкил этилди. Бу илм-фан ва тиббиёт ютуқларини такомиллаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этишда катта имкониятдир.

– Юрак-қон томир хасталикларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш жаҳон тиббиётининг долзарб вазифасидир, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Равшанбек ҚУРБОНОВ. – Ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши бу борада олдимизда турган энг муҳим вазифаларни амалга оширишимизда катта имконият бўлди. Эндиликда янги бинода юрак қон-томир касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва даволаш амалиётларини тизимли асосда амалга ошириш баробарида, йилига 1000 дан ортиқ беморда коронарография ва стентлаш амалиётини ўтказиш мумкин. Бундай усул билан юрак қон-томир касалликларининг энг оғир тури ҳисобланган миокард инфарктининг олди олинади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 892