Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 17:00 Чоп этиш версияси

Интеллектуал мулк – муҳофазада

Ҳар бир давлат, халқнинг жаҳонда тутган ўрни ва нуфузи, аввало, унинг интеллектуал бойлигига қараб белгиланади. Бу жиҳатдан халқимиз коинот сирини очган Мирзо Улуғбек, алгебра фанига асос солган Хоразмий, тиб илмининг султони Ибн Сино каби буюк алломалари билан маълум ва машҳур. Дунёга илму маърифат билан бирга адолат, эзгулик уруғини сочган даҳоларимиз кўплиги билан ҳам тупроғимиз муқаддас.

Ана шундай бой меросдан баҳраманд бугунги авлод ҳам илму ҳунар эгаллаш борасида доимо изланишда. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг камолини таъминлаш, интеллектуал жиҳатдан етук бўлишига давлатимиз томонидан доимий эътибор қаратилаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши шу мақсадга хизмат қилмоқда. Зеро, мазкур ҳужжатда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишларини пухта ўйланган тизим асосида ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратилган.

Мамлакатимизда аждодлардан мерос бебаҳо маънавий хазина ва маданий ёдгорликлар қайта тикланиб, халқимизга етказилиши билан бир қаторда замондош ижодкорлар, ихтирочилар эркин ва самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ушбу йўналишда халқаро интеграцияни изчил йўлга қўйгани муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлаётир. Жумладан, мамлакатимиз 1991 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти аъзолигига қабул қилинган бўлса, 2005 йил 19 апрелдан Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси қоидалари Ўзбекистонда амал қила бошлади.

Берн конвенцияси фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган муносабатларни тартибга солиш, муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Мамлакатимизнинг мазкур конвенцияга қўшилиши муаллифлар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳуқуқ эгаларига катта имкониятлар яратди. Айни пайтда муаллифларимиз асарларидан конвенцияга аъзо 170 дан ортиқ давлат ҳудудида тегишли ҳуқуқларга риоя этилган ҳолда фойдаланилмоқда.

Берн конвенцияси аъзо давлатларда тўғридан-тўғри ёки унинг қоидаларини соҳага оид миллий қонунчиликда акс эттириш орқали қўлланилади. Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунида муаллифлар манфаатлари ўз ифодасини топган. Қонунга мувофиқ, муаллиф ҳуқуқи бузилганда унинг тикланишини ва етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг рухсатсиз такрорланиши ёки тарқатилиши контрафакт нусха ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар изчил ҳимоя қилинмоқда. Бу борада ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда мониторинг юритилаётир. 2016 йилда интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 878, жорий йилнинг биринчи чорагида 222 ҳолат аниқланган. Қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар қонуний чора кўриш учун тегишли идораларга юборилган.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишда божхона органлари ходимлари ҳам изчил фаолият юритаётир. Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри юритилмоқда. Мазкур реестрга киритилган ҳуқуқ эгаси божхона назорати остида турган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўрилиши бўйича мурожаат қилиши мумкин. Божхона назоратида ҳуқуқ эгаси томонидан контрафакт деб кўрсатилган товарлар аниқланса, бундай товарларнинг чиқарилиши тўхтатилади.

Божхоначилар томонидан сифатсиз, лицензияланмаган, контрафакт тарзда кўпайтирилган DVD ва СD дисклар сотилишининг олдини олиш доимий эътиборда. Жумладан, Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Жиззах тумани ҳудудида яшовчи Ж.Соатовнинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ўз уйида ҳар хил фильмлар, клип, концерт ҳамда қўшиқларни қўлбола усулда ҳар хил форматдаги дискларга ёзиш ва сотиш билан шуғулланиб келаётгани аниқланди. Тезкор тадбир давомида 3 мингдан зиёд контрафакт диск ашёвий далил сифатида олинди.

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Янгиер шаҳрида ўтказилган «назорат харид» тезкор тадбири давомида А.Жамолов беҳаё мазмундаги дискларни сотаётган пайтда тўхтатиб қолинди. Воқеа жойи холислар иштирокида кўздан кечирилганда мингдан зиёд диск ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2017 йилнинг ўтган даври мобайнида божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 8,5 минг донадан ортиқ турли фильм ва концертлар ёзилган, сифати кафолатланмаган контрафакт дискларнинг яширин олиб ўтилиши ва айланмасига чек қўйилган.

Норгул Абдураимова, ЎзА
6 666






Все о погоде - Pogoda.uz