Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 15:08 Чоп этиш версияси

Инсон шаъни, қадр-қиммати оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида шу мавзуда семинар-терининг бўлиб ўтди.

Унда Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Олий суд, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Юристлар малакасини ошириш маркази вакиллари, суд-ҳуқуқ соҳасини ёритувчи журналистлар иштирок этди.

Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган даврда оммавий ахборот воситалари ходимларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиб беришдаги роли тобора ортиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир. Қонун фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланишини ҳуқуқий кафолатлаш билан бир қаторда, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг шакл ва услублари, давлат органлари ва жамият ўртасидаги ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини белгилаб берди.

Семинар-тренингда амалиётда учраётган баъзи камчиликлар, уларни бартараф этиш мақсадида соҳага оид қонунчилик асослари ва киритилган ўзгартишлар ҳақида маълумот берилди. Қандай ҳолларда оммавий ахборот воситаларида гумон қилувчи, айбланувчи ёки судланувчини айбдор сифатида кўрсатиш мумкинлиги, бу борда материал тайёрлашда нималарга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида мутахассислар ўз фикр-мулоҳазасини билдирди. Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ соҳасини ёритишда учраётган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди.

Тадбирда журналистлар томонидан айрим материаллар ахборот манбаси ўрганилмай, вақтинчалик обрў-эътибор қозониш мақсадида саёз ва юзаки тайёрланаётганлиги қайд этилди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ёритувчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқий билими ва касб маҳоратини янада ошириш, уларда шахсий масъулиятни кучайтириш, журналистлар билан Адлия вазирлиги ўртасида алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 015