Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2018 19:08 Чоп этиш версияси

Инновация вазирлиги ҳориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Инновация вазирлиги ҳориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда
Инновацион ривожланиш вазирлигида “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирликка ташриф буюрган “Буюк келажак” экспертлар кенгашининг аъзолари Ойбек Шайхов, Илхом Азимов, Наргис Дўстматова, Саиднумон Мансуров айни кунларда кенгаш томонидан Ўзбекистон ҳукумати ҳамда “Буюк келажак” экспертлар кенгаши ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича механизмлар ишлаб чиқилаётганини қайд этишди. Кенгаш давлат органларига юртимизда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан таклифлар, маслаҳатлар берувчи консультатив бюро сифатида фаолият юритиши назарда тутилган. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари “Буюк келажак” билан биргаликда ишлашга тайёр эканликларини, турли соҳаларда хорижий тажрибага эга экспертларнинг билим ва кўникмаларини вазирлик олдида турган вазифаларни амалга оширишда қўллаш зарурлигини айтишди. Қайд этиш лозимки Инновация вазирлиги ходимларининг аксарияти хорижда ўқиган ёки ишлаган, шу боис ҳам уларнинг кенгаш экспертлари билан бир-бирларини тушунишлари осон кечди. Икки томоннинг ҳамжиҳатликда ишлаши юртимиз фаровонлигига, давлатимизнинг стратегик манфаатларига ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Маълумот учун: “Буюк келажак” ташкилоти Ўзбекистонда туғилиб, турли сабабларга кўра хорижда яшаётган, таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз томонидан ташкил этилиб, жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида халқаро нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур тузилма юрт ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган, ўз инновацион ғояларини мамлакатимиз саноати ва ишлаб чиқариши, шунингдек, илмий соҳасида татбиқ этишни мақсад қилган чет элларда яшаётган ватанпарвар юртдошларимизни ўз атрофига бирлаштиради.
28-30 июнь кунлари кенгаш аъзолари «Ўзбекистон 2035» форумига йиғилиб, Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган ривожланиш концепцияси ва стратегиясини муҳокама қилдилар. 


Н. Тошпўлатова, ЎзА
4 948