Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 18:30 Чоп этиш версияси

"Инновация фаолияти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Пойтахтимиздаги "Тараққиёт стратегияси" марказида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ҳамкорлигида "Инновация фаолияти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутатлар, партия фаоллари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

"Адолат" СДП сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров, "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари О.Парпиев ва бошқалар мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, "Электрон ҳукумат" тизимини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан ташкил қилинган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб чиқариш, таълим ва илм-фан интеграциясини чуқурлаштириш, шунингдек, иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пойтахтимиз туманларида фаолият юритаётган ва ташкил этилаётган технопарклар бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирда илм-фан эгаларига қаратилган эътибор, уларни моддий-маънавий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигига хизмат қилаётгани қайд этилди.

"Адолат" социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳам инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан инновация жамғармасини тузиш белгиланган. Иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилган.

Ушбу вазифалар ижросини таминлаш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ томонидан "Инновация фаолияти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ижтимоий тармоқларда, таълим муассасаларида, мутахассислар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмоқда. Ишчи гуруҳга қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасида ҳозиргача икки юзга яқин таклиф ва мурожаат келиб тушди.

Мазкур қонун лойиҳаси соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берувчи тушунча ва меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан яна бири инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ акс эттирилганидадир. Шунингдек, қонун лойиҳасида инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар ҳамда уларнинг ваколатлари, илмий ва инновациявий фаолият субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилмоқда.

Тадбирда иштирокчиларга қонун лойиҳаси ҳақида маълумот берилди ва уларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 073






Все о погоде - Pogoda.uz